Ссылки доступа

Гулистонда ёғ заводи ишчиларига маош ҳисобидан узум тарқатилди


"Гулистон экстракт -Ёғ" корхонаси ишчилари иш ҳақи ҳисобидан ҳар бири 10 килограмдан бўлган бир яшикдан узум тарқатилганига норозилик билдирди.

Ишчиларга кўра, узум учун уларнинг ойлик маошидан 70 минг сўм пул ушлаб қолиниши айтилган. Корхона раҳбарияти ишчилар норозилигидан сўнг узумлар Янги йил совғаси сифатида расмийлаштирилганини билдирди.

25 декабрь куни "Гулистон экстракт -Ёғ" акционерлик жамияти ишчиларига бир яшикдан узум тарқатишни бошлади.

Ишдан ҳайдалиш хавфи остида исмини очиқламасликни сўраган мазкур корхона ишчисига кўра, узум учун пул уларнинг ойлик маошидан ушлаб қолиниши айтилган.

“Бир яшикда жами 10 кило узум бўлиб, ойлигимиздан 70 минг сўм пул ушлаб қолинишини айтишди. Шунда бир кило узум 7 минг сўмдан тушар экан. Бизга Янги йилга дастурхон тузаш учун пул керак. Улар ойлигимизга узум бериб ўтиришибди. Уйда ҳеч ким узумни ёқтирмайди. Нима қиламиз бу узумни? Бир мен эмас, кўпчилик норози бўлди”, дейди корхона ишчиси.

"Гулистон экстракт -Ёғ” корхонаси ишчиларидан олинган маълумотга кўра, ишчилар норозилигидан сўнг раҳбарият ўз фикрини ўзгартирган.

“Бугун раҳбарият ўз фикрини ўзгартирди. Бугун узумлар Янги йил учун совға эканини айтишди. Бугун ҳам узум тарқатишаяпти. Эртага ҳам тарқатишади. Кечаги норозилигимиздан кейин бугун узум берилганларга Янги йил совғаси деб ёзилган коробкани ҳам қўшиб қўйишди. Интерентда ҳам чиққани сабаб бўлди шекилли, бугун фикрини ўзгартиришди”, дейди аноним қолишни истаган корхона ишчиси.

"Гулистон экстракт -Ёғ" корхонасининг Ҳисоблаш бўлими ходимларидан бири ишчиларга берилаётган узумлар Янги йил совғаси деб ўзгартирилганини тасдиқлади.

“Бошида узум ойлик ҳисобидан дейилганди. Лекин бугун Янги йил совғаси сифатида тарқата бошладик”, деди ҳисоблаш бўлимининг исмини очиқламаётганимиз ходими.

Айни пайтда корхона иш юритувчиси Мутабар Аманова узумларнинг ойлик ҳисобидан тарқатилганини мутлақо инкор қилди.

“Бу дезинформация. Ҳечам унақа нарса бўлгани йўқ. Сиз менга шикоят қилган ишчилар рўйхатини беринг ёки ўзингиз ўша ишчиларнинг аризасини олиб раҳбарият олдига келинг. Биз узумни байрамга текинга тарқатаяпмиз”, деди Мутабар Аманова.

Аввалги йилларда ҳам Ўзбекистонда маош ўрнига лампочка, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан анча қиммат нархда ишчиларга, ўқитувчиларга ўтқазиш ҳолатлари содир бўлган эди.

XS
SM
MD
LG