Ссылки доступа

Полиция Ашхободдан чиқиб кетаётган автотранспортларда озиқ-овқатлар борлигини текширмоқда


Ашхобод расмийлари бозор ва давлат дўконларида озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши устидан назоратни кучайтирганларидан кейин пойтахтдан минтақалар томон йўлга чиққан автотранспортларни текширишга полицияга имкон берди.

Айни дамда пойтахтдаги "Алемгошар" ва "Текин" бозорларида, шунингдек кўплаб савдо нуқталарида полиция ва махсус хизмат ходимларидан иборат «назоратчилар» пайдо бўлди. Битта гуруҳ маҳсулотлар хукумат томонидан ўрнатилган нархларда сотилишини назорат қилмоқда, бошқа гуруҳ эса юз бераётган ходисаларни, жумладан пайдо бўлаётган навбатларни видеога олмаслигини кузатиб турибди.

«Бозорда ҳар бешта сотувчи олдига биттадан назоратчи қўйишди. Улардан айримлари полиция либосида бўлса, айримлари фуқоро кийимида. Улар кун бўйи тик оёқда пештахталарни айланиб юришади. Сотувчиларнинг айтишларича, назоратчилар орасида унвони майор ва ҳатто подполковник бўлган зобитлар ҳам бор», -дейди «Озодлик»нинг мухбирларидан бири.

Айни дамда пойтахтда озиқ-овқат маҳсулотлари устидан назорат бозорлар билангина чекланиб қолмаган. Сўнгги бир неча кун мобайнида Ашхабоддан вилоятлар томон йўлга чиққан автомобиллар тўхтатилиб йўл полицияси томонидан текширилмоқда.

«Авваллари бу постларда бир ёки икки нафар полиция ходими турарди, энди уларнинг сони олти кишига етди. Улардан тўрт нафари фуқоро либосида ва уларнинг махсус ўргатилган итлари ҳам бор. Машинада бир оилага мўлжаллаганидан ортиқча маҳсулот топилса, масалан бир саватда тухум, 5-6та банан топилгудек бўлса акт тузилиб, ортиқча маҳсулотлар тортиб олинмоқда. Айрим холларда «ҳуқуқ бузилишида ишлатилган восита» баҳонаси билан машиналар ҳам мусодора қилинмоқда», - дейди мухбир.

Ўз номини ошкор қилишни истамаган ҳолда «Озодлик» мухбири билан суҳбатлашган полиция ходимининг сўзларига қараганда, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига пойтахтдан, ҳамда минтақалардан озиқ овқат маҳсулотларини олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик вазифаси топширилган, чунки «ҳар бир минтақага озиқ-овқат маҳсулотлари алоҳида тақсимланади».

XS
SM
MD
LG