Ссылки доступа

Қозоғистон Қирғизистонга 2019 йилнинг февралидан бошлаб бензин экспортини бошлайди


Қозоғистон 2019 йил февралидан Қирғизистонга бензин экспорт қилишни бошлаши мумкин. Ҳозир икки мамлакат вакиллари зарур ҳужжатлар борасида келишувнинг сўнгги босқичида туришибди. Бу ҳақда ҚР энергетика вазири Қанат Бозумбаев маълум қилди, дея ёзди Zakon.kz.

«Биз ўтган ҳафта қирғиз томонидан жавоб олдик, у ерда маъсул қўмита раҳбари тайинланган, икки томонлама музокаралар олиб бордик ва эришилган версияни давлат идораларига юбордик. Янги йилгача барча ишларни амалга оширсак, январь ойининг биринчи ярмида Қирғизистон билан тегишли битимни имзолаймиз, деган умидаман. Бу дегани февраль ойида, биринчи навбатда бензин экспорт қилиш имкониятига эга бўлишимизни англатади», - дея таъкидлади вазир.

Қозоғистон ҳозирча дизель ёқилғини экспорт қилиш ниятида эмас. Бунинг учун эса, аввалига вазирлик мамлакатдаги ёқилғи эҳтиёжини ўрганиши, қўшни давлатга «яширин» ёқилғи ўтказилишини тўхтатиши керак бўлади.

«Бизнинг фикримизча, талаб қондирилиши борасидаги имкониятларимиз 120%ни ташкил қилади, аммо биз ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилаяпмиз. Шу сабабли дизел ёқилғи масаласида Молия вазирлиги билан биргаликда бошқа қарор қабул қиламиз. Биз чегараларга постлар қўямиз, бу постлар экспортдан аввал назоратни кучайтиради. Мен ўз қарорим билан дизел ёқилғиларини автомобил транспортида олиб чиқилишини тақиқлайман», - дея қўшимча қилди Бозумбаев.

Учта йирик нефтни қайта ишловчи завод модернизация қилинганидан сўнг Қозоғистонда ортиқча Ёқилғи-Мойлаш махсулотлари(ЁММ) пайдо бўлди, республика ортиқча маҳсулотларни хорижга экспорт қилмоқчи. Ҳозирча Қирғизистонга биргина Россия ёқилғи етказиб беради. Қирғизистон ҳар йили 1 млн тонна ЁММни ишлатади.

XS
SM
MD
LG