Шу йилнинг ўн бир ойи давомида 5,5 минг кишидан иборат 1,3 мингта оила кўчиш тўғрисидаги давлат дастури доирасида Россия келиш ҳуқуқини қўлга киритди, дея хабар берди Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида РФ ИИВнинг миграция бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Владимир Маркевич. Унинг сўзларига қараганда, йил охирига қадар ариза берувчилар сони кўпайиши мумкин. «Масалан, ўтган йил давомида 1200 оила кўчиб кетган эди, бу йил кўчиб кетувчи оилалар сони 200тага кўп. 2016 йилда 820та оила кўчиб кетган эди», –деди Маркевич, унинг сўзларидан Интерфакс агентлиги иқтибос келтирган.
РФ ИИВнинг миграция масалалари бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбарининг таъкидлашича, Тожикистон фуқаролари асосан Тамбов, Воронеж, Саратов, Самара, Свердловск вилоятлари ва Хабаровск ўлкасига кетишмоқда. «Бу ҳудудларда ариза берувчилар учун 250 минг рублдан, ҳар бир оиланинг аъзоси учун эса 120 минг рублдан ажратилади. Ҳозир бу маблағларни кўпайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда»,- дея таъкидлади Владимир Маркевич.
Бироқ мурожаат қилганларнинг ҳаммаси ҳам дастурда иштирок эта олмайди — тахминан 20 фоизининг мурожаати қаноатлантирилади. «Қолганлари ариза бериш билан ўзларининг шахсий манфаатларини ўйлашади: улар давлат дастури Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишларига умид қилишади. Шундан сўнг улар мамлакатимиз ҳудудларида патент олмасдан ишлашлари ва солиқ тўламаслиги мумкин», - дейди Россия ИИВнинг миграция бўйича Тожикистондаги расмий вакили.
Тожикистонда Россияда яшаш ва ишловчилар сони МДХнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча кўп. 2016 йилда кўчиш бўйича давлат дастури доирасида кўчиш борасида гувоҳнома олиш мақсадида Тожикистоннинг 14 мингдан ортиқ фуқароси мурожаат қилган.