Ссылки доступа

«Тожик Эйр» авиакомпанияси норентабеллик сабаб 5 январга қадар барча парвозларни бекор қилди


«Тожик Эйр» авиакомпанияси айрим йўналишлар бўйича парвозлар вақтинча тўхтатилиши борасида маълум қилди.

Миллий авиакомпания матбуот хизматининг хабарига кўра, тижорий сабабларга кўра, яъни норентабеллик туфайли авиакомпания 2019 йилнинг январь ойидаги парвозлар жадвалига ўзгартириш киритишга мажбур бўлди.

«Компания оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларга мурожаат қилиб вазиятни кескинлаштирмасликка ва компания томонидан бажариб бўлмайдиган ҳаракатларни бажаришга чақирмасликка даъват қилади», - дейилади «Тожик Эйр» матбуот хизмати хабарида.

Авиакомпания тез орада барча рейслар қайта тикланиши учун барча чоралар кўрилаётганига ишонтирди. «Тожик Эйр» йўловчилар вазиятни тушунишларига ишонч билдирди ва юзага келган ноқулайликлар учун кечирим сўради.

«Тожик Эйр» авиакомпанияси матбуот котиби Азиз Хайруллоев 5 январгача барча парвозлар бекор қилинганини маълум қилди.

«Бу ҳафтада, жумладан Хўжанд, Санкт-Петербург, Теҳрон ва Деҳлига парвозлар амалга оширилмайди. Бу шаҳарларга келаси ҳафтада парвозлар амалга оширилиши ҳозирча номаълум», - деди Хайруллоев.

2 январь куни эрталаб Радио Озоди сайтининг фойдаланувчилари Москва-Душанбе рейси бекор қилинганлигини маълум қилишди. Уларнинг сўзларига қараганда, чоршанба куни уларга СМС йўллаб Домодедово аэропортидан «Тожик Эйр» авиакомпаниясининг Москва-Душанбе рейси бекор қилинганини маълум қилишган.

«Мен Душанбега 6 январь куни эрталаб учиб кетишим керак эди, бироқ бугун менга рейс бекор қилинганини айтишди», -дея ёзди фойдаланувчилардан бири.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 29 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида «Тожик Эйр» авиакомпанияси фаолиятини кескин танқид қилган ва унинг фаолиятини текшириб кўриш борасида кўрсатма берган эди.

XS
SM
MD
LG