Ссылки доступа

Қозоғистон ИИВ «полиция биродарлиги» тўғрисидаги видеони текширмоқда


Қозоғистон ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, полиция либосида Янги йил билан табриклаган одам акс этган онлайн-видео Қарағандадаги ИИВ академиясида суратга олинган.

Вазирликнинг баёнот беришича, ролик академия биринчи курси раҳбари ўринбосари томонидан олинган. ИИВ хабарига кўра, айни дамда видео муносабати билан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Текширув якунларига кўра, «номи қайд қилинган ходим ва унинг раҳбарлари интизомий жазога тортилади, ҳатто ишдан бўшатилиши мумкин», дея баёнот берди вазирлик вакили Алмас Садубаев.

31 декабрь куни тармоқда пайдо бўлган видеоёзувда полиция либосини кийиб олган бир эркак «биродарлари»ни (ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларини – муҳ.) байрам билан табриклар экан, уларнинг етти авлоди гуллаб-яшнашини тилайди ва «бизнинг чевараларимиз ҳам муносабатларимиздан фойдалансинлар», дейди.

У шунингдек, қандайдир Антибиотикнинг (гап бу ерда Россиянинг «Бандитский Петербург» телесериалидаги қаҳрамонлардан бири— россиялик актёр Лев Борисов ўйнаган жиноий авторитет хақида бормоқда— Муҳ.) «сўзларига қўшилишини» ҳам таъкидлаб ўтади. Видеодаги эркак шундай дейди: «Бизнинг дўстлигимиз манфаатларга асосланмасин. Биз биродарларга хос, қўпол қилиб айтганда тўдаларга хос ишларни қилдик». Шундан кейин полиция либосида бўлган бир неча киши «Ура!» деб қичқиришади.

Бу видео худди вирус каби ижтимоий тармоқда тарқалиб кетди ва фойдаланувчилар томонидан кескин танқид қилинди.

XS
SM
MD
LG