Ссылки доступа

$400 000 пора олаётиб қўлга тушган ҳоким ўз "акахонлар"ига қарши кўрсатма бермоқда


 Собиқ ҳоким Бахтиёр Абдусаматов
Собиқ ҳоким Бахтиёр Абдусаматов

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов устидан очилган жиноят иши доирасида шу кунгача 400дан ортиқ гувох сўроқ қилинган.

Бу ҳақда тергов ҳужжатлари билан танишган амалдор ва жиноят ишида гувоҳ сифатида қатнашаётган ҳуқуқбон Шоира Содиқбекова маълум қилди.

43 яшар Бахтёр Абдусаматов сармоядорга ер майдони ажратиб бериш эвазига 2018 йилнинг 7 сентябрида 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайти ДХХ тарафидан қўлга олинган эди.

Уларнинг аксари Абдусаматовга турли миқдорда пора берганини эътироф этган.

Жиноят ишида гувоҳ сифатида қатнашаëтган Шоира Содиқбекова Юнусобод туман ҳокимлигида пора олиш "тизим сифатида фаолият юритган"ини айтиб берди.

Терговга яқин мулозимнинг айтишича¸ халқ орасида гвардейский деб юритиладиган Юнусобод туманидаги ДХХ тергов изоляторида сақланаëтган собиқ ҳоким ўз "акахонлари"га қарши кўрсатма бермоқда.

Мулозим сўзларига кўра¸ Абдусаматов ўзи ҳоким бўлгунга қадар бевосита унга раҳбарлик қилган ёки қариндоши бўлган юқори амалдороларга қарши кўрсатма бермоқда.

Бахтиёр Абдусаматов президент администрацияси бошлиғи ўринбосари бўлган Зелимхон Ҳайдаровнинг синглисига куёвдир.

Тергов ҳужжатлари тафсилотидан хабардор мулозим иддаосига кўра¸ ўтган йилнинг 7 сентябрда Бахтиёр Абдусаматов пора билан ушланганда воқеа иштирокчилари бир неча киши бўлган. “Улар уюшган тарзда пастдан пора олиб тепага узатиш тизимини яратишгани тергов жараëнида ўз тасдиғини топмоқда,” деди у.

Терговга яқин мулозимнинг иддао қилишича¸ беш минг доллардан кўпроқ суммадаги порани собиқ ҳокимнинг ўзи олган.

Пастроқ суммадаги поралар бошқа мулозимлар орқали олинган.

Абдусаматов 2017 йилнинг 11 апрелида президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳайфсан олган эди.

Бундан олдин Шавкат Мирзиëев 2017 йил январь ойидаги ҳукумат йиғилишида Абдусаматовни "оëғи ердан узилган ноинсоф" деб атаган эди.

Бахтиëр Абдусаматов 2017 йилнинг 18 апрелида Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

Ҳоким этиб тайинлангунга қадар Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаган.

Республика Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, сўнгги бир йил ичида мансабдорларга пора бериш билан боғлиқ 1700дан ортиқ жиноий иш очилган ва 2,5 минг нафарга яқин шахс жавобгарликка тортилган.

XS
SM
MD
LG