Ссылки доступа

Ўшдаги бозор сотувчилари бозорнинг кўчирилишига қарши чиқмоқда


8 январь куни Ўшда шаҳар мэрининг Кулатов микрорайонидаги бозор ўрнида хиёбон барпо этиш тўғрисидаги буйруғи кучга киради. Бозорнинг кўчирилишига қарши чиқаётганлар президент, марказий ва маҳаллий ҳукуматга мурожаат қилиб, хиёбон қурилишини 2025 йилга қадар кечиктирилишини илтимос қилишмоқда.

Бозорда икки юзга яқин киши савдо қилади, улардан 93 нафар хусусий тадбиркор савдо жойларини ижарага олган. Жапалақ, Ишкаван, Қизил-Байроқ, Новқат ва Аравон туманларидаги қишлоқ деҳқонлари ўзлари етиштирган сабзавот ва меваларни сотиш учун мана шу бозорга олиб келишади.

Бозорда сотувчилик қиладиган Айтолқун Адилбекованинг айтишича, бозор Толойкон ва Анар микрорайонларида истиқомат қилувчи аҳоли учун жуда ҳам қулайдир. "Лойиҳада қайд қилинганидек «Нирвана» қаҳвахонасидан то «Блондер» ёки «Барсбек» қаҳвахонасига қадар хиёбон қурилиб, ҳудуд кўкаламзорлаштирилсин. Аммо бозорга тегишмасин. Марказий бозор анча узоқ. Бу бозордаги ҳар бир савдо нуқтасида уч-тўрт киши ишлаб, оиласини боқаяпти. Ҳар йили биз бюджетга 6 миллион сом берамиз. Ижара ҳақи тўлаймиз", - дейди тадбиркор аёл.

Сотувчи ва уларнинг тарафдорларининг фикрича, ҳокимлик бозорчилар билан маслаҳатлашмаган ҳолда қарор чиқарган.

Шаҳар расмийлари ҳамма ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилаётганини, ерни ижарага бериш муддати бир йилдан ошмаслиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлашмоқда.

Бундан аввал хусусий тадбиркорларга парранда бозоридан жой таклиф қилинган эди, бироқ улар рози бўлишмади ва кредитларни тўлашлари лозимлигини айтиб муддатни 2025 йилгача узайтиришни сўрашди.

Кулатов микрорайонидаги бозор йўл ёқасида жойлашган. Хиёбон қурилиши тўғрисидаги қарор шаҳар мэрияси томонидан 2018 йилнинг 25 ноябрида қабул қилинди ва 8 январь куни кучга киради.

XS
SM
MD
LG