Ссылки доступа

Қозоғистонда молиявий пирамида иши бўйича омонатчилар суд залида суд ижрочилари билан жанжаллашди


3 январь куни Оқтобеда «молиявий пирамида ташкил қилиб, уни бошқарганликда» айбланган маҳаллий тадбиркор Қуаниш Жақсибаев устидан ҳукм чиқарилди. Озодлик радиоси мухбирининг хабар қилишича, бизнесмен айбдор деб топилган ва олти ярим йил муддатга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилинди.

Тергов версиясига кўра, у 2016 - 2017 йилларда APPORT мобил иловасини ташкил қилган ва катта даромад ваъда қилган ҳолда оқтобеликларга унинг акционерлари бўлиш таклифини берган. Лойиҳага қирқ мингга яқин киши маблағ берди. Суд ҳужжатларида таъкидланишича, Жақсибаев 167 миллион тенгедан кўпроқ пул тўплаган ва бу пулнинг катта қисмини ўзлаштириб юборган.

Жақсибаев устидан ҳукм ўқилганидан сўнг, судланувчини қўллаб-қувватловчи ўнлаб омонатчилар суд залида суд ижрочилари билан жанжаллашиб кетишди, улар стол ва стулларни улоқтиришди. Ҳодиса жойига бир нечта полиция наряди келди ва ғазабланган одамларни ушлай бошлашди.

Улар билан бирга жараённи ёритаётган «Азаттиқ» мухбири Жанагул Журсин ҳам қўлга олинди. Унинг сўзларига қараганда, у хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда видеога олаётганига қарамай, уни ҳамма қатори куч ишлатган ҳолда Оқтобе Ички ишлар департаменти полициясининг Завод бўлимига олиб боришган.

Журналистни ярим соат ушлаб туришгач, полициячилар унга «хатолик» туфайли ушланганилигини айтишган ва қўйиб юборишган. Оқтобе вилоят Ички ишлар департаменти матбуот хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG