Янги лавозимга тайинлангани муносабати билан Сердар Гурбангулиевич Туркманистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимидан озод қилинди. Туркманистон президентининг ўғли нима сабабдан бошқа ишга ўтказилгани расмий хабарда очиқ айтилмаган.
Сердар Бердимухамедов бу лавозимга 2018 йилнинг март ойида, парламент аъзолигига сайланганидан кейин тайинланган эди. Сайловлар 25 март куни бўлиб ўтди, расмий матбуотнинг хабарига кўра, мамлакат президентининг ўғли «сайловчиларнинг 91.42% овозини олиб, ўзининг рақибидан катта фарқ билан олдинга ўтиб кетди». Унинг рақиби 10- мактаб ўқитувчиси Оғулжерен Гурдова бўлиб, уларнинг номзоди Ахал вилоятидаги 25- Душак сайлов округидан депутатликка кўрсатилган эди.
Туркманистон президентининг ягона ўғли Сердар Бердимухамедовнинг сиёсий карьераси 2016 йил охирларида бошланди, ўшанда парламентга қўшимча сайловлар ўтказилиши муносабати билан Туркманистон парламентининг аъзоси бўлиб сайланган эди. Бу сайлов 2016 йилнинг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган эди. Ўшандан бери Сердар Бердимуҳамедовнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги анча ўсди.
2017 йилнинг баҳор ва ёз ойларида президентнинг ўғли бир қатор хорижий давлатларга расмий ташриф буюрди ва юқори лавозимли амалдорлар, жумладан Россия Федерацияси расмийлари билан учрашди. Ватан олдидаги хизматлари учун мукофотланган. Туркманистон президентининг ўғли отаси билан биргаликда оммавий тадбирларда иштирок этган.
Расмий матбуотда, Туркманистон президентининг ўғли «халқ ўғли» дея таърифланади, унинг отаси билан жамоатчиликка кўриниши эса «авлодлар узлуксизлиги рамзи» сифатида кўрилади.