Ссылки доступа

Германия фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунга визасиз келиши мумкин


Германия фуқаролари 15 январдан бошлаб Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муҳлатга визасиз кела олишлари мумкин. Бу ҳақда 3 январь куни Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.

Аввалроқ Германия ва яна 12 давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визаларини енгиллаштирилган тарзда бериш тўғриисда қарор қабул қилинганди. Қарорга мувофиқ мазкур мамлакатлар фуқароларига визасиз Ўзбекистонга келиш ҳуқуқи 2021 йилнинг 1 январидан берилиши назарда тутилган эди.

Расмий маълумотда айтилишича, 2018 йилда Германиянинг 18 минг 94 нафар фуқароси Ўзбекистонга саёҳат қилган. Уларнинг сони 2016 йилда 4 889 нафар, 2017 йилда эса 7 207 нафар бўлган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва Украина билан визасиз борди-келди қилади.

2018 йилнинг февралидан бошлаб Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муҳлатга визасиз келиши мумкин.

Бундан ташқари 39 давлат фуқароларига соддалаштирилган тарзда виза бериш жорий этилган.

XS
SM
MD
LG