Ссылки доступа

Қирғизистон ногирон болаларга қараётганларга $70дан тўлашни бошлади


Қирғизистонда ижтимоий хизматнинг янги тури - имконияти чекланган болалари бўлган ота-оналарни қўллаб қувватловчи - «Шахсий ассистент» пайдо бўлди.

Ҳукуматнинг тушунтиришича, одатда ота-оналардан бири ишлаш имкониятидан ва пенсия ҳамда тиббиёт суғуртаси кафолатидан махрум бўларди. Яъни бу каби ота-оналар амалда ишлаш имкониятига эга эмас ва пенсияга даъвогарлик қилолмайди.

Эндиликда давлат ногирон фарзандларига қарайдиган ота-оналарга хизматлари учун ҳақ тўлайди. Шахсий ассистент бўлиб ота-оналарнинг ўзлари, ёки қариндошлари ва бошқа шахслар ишлашлари мумкин.

Шахсий ассистентнинг маоши истеъмол саватчасининг энг кам миқдори даражасида берилади, айни дамда бу 4 900 сом ($70)ни ташкил қилади.

Шахсий ассистентнинг белгиланган мажбуриятлари ҳам белгиланган. У болага қараш билан бир қаторда боланинг шахсий реабилитация дастурини ҳаётга татбиқ этишга ҳам ёрдам бериши керак, бу ўз навбатида боланинг ривожланиши ва ҳаётга кўникишига ижобий таъсир кўрсатади.

Оғир аҳволдаги ногирон болага қараш учун база билимларига эга бўлиш масаласида маълум талаблар белгиланган. Шахсий ассистентларнинг талаб қилинаётган кўникмаларга ўрганишлари учун “ижтимоий буюртма” механизмидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ота-оналар ва имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш янги тизимини жорий қилиш учун республика бюджетидан ҳар йили тахминан 420 млн сом ($6 млн) ажратилиши кўзда тутилган.

Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг маълумотига кўра, айни дамда мамлакатда 29,9 минг нафар имконияти чекланган бола истиқомат қилади, улардан 6 минг нафарига доимий эътибор керак.

XS
SM
MD
LG