Ссылки доступа

Тожикистонда таниқли адвокат Файзинисо Воҳидова вафот этди


Жумага ўтар кечаси Тожикистонда таниқли бўлган ҳуқуқ фаоли ва адвокат Файзинисо Воҳидова вафот этди.

Воҳидованинг вафоти ҳақидаги хабарни Радио Озодига унинг келини Тахмина Раҳимова маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, адвокат Бобожон Ғафуров туман марказий шифохонасида тунги 2 да ҳаётдан кўз юмди. Бу шифохонага у 10 кун аввал пневмония ташхиси билан олиб келинган эди. Шу кунлар мобайнида Файзинисо Воҳидова реанимация бўлимида бўлди.

Таниқли адвокат 4 январь куни Бобожон Ғафуров туманидаги Гунбаз қабристонига дафн этилади.

Файзинисо Воҳидова – Москва Давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган, 1995 йилдан бери адвокат бўлиб ишлаб келарди. У ҳукуматнинг сиёсий оппонентлари, журналист ва қийноқлар жабрдийдаларига ёрдам бериб келаётган Тожикистондаги энг сўнги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири эди.

Журналист ва фуқаро фаоли Ражаби Мирзонинг фикрича, Файзинисо Воҳидова ҳукумат оппонентлари ва Тожикистондаги соғлом фикрли инсонлар учун таянч эди.

2017 йилнинг мартида Файзинисо Воҳидова президент Эмомали Раҳмонга очиқ мактуб йўллаб, ҳамкасби - адвокат Бузургмеҳр Ёровга чиқарилган адолатсиз хукм ва унинг таъқиб қилинишини 1937 йилгиСталин қатағонлари билан тенглаштирган эди.

Орадан икки ой ўтиб Тожикистон миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси чегарачилари Қирғизистонга йўл олган Воҳидовани Овчи-Қалъача назорат ўтиш пунктида тўхтатган эди. Чегара хизмати ходимлари унинг паспортида “носозлик” борлигини айтиб, у мамлакатдан чиқиш “ҳуқуқига эга эмаслигини” таъкидлашар экан саккиз соат ушлаб туришди. Чегарада юз берган ҳодисадан сўнг давлат хавфсизлик ходимлари Воҳидова билан бир неча ҳафта давомида суҳбатлашдилар, дея баёнот берди Хьюман Райтс Вотч халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот ва Норвегия Хельсинки қўмитаси.

«Тожикистон ҳукумати очиқчасига Воҳидованинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини бузмоқда, - деди Хьюман Райтс Вотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов. – Бу танқидий кайфиятдаги овозларга, жумладан мамлакатда сиёсий қатағонлар давом этаётганини айтаётган мустақил адвокатларга халақит беришни мақсад қилган кампаниянинг бир қисмидир».

"Ўзининг ҳуқуқ ҳимоячи ва адвокатлик фаолияти билан машҳур бўлмиш, хўжандлик юрист Воҳидова анчадан бери ҳукумат томонидан таъқиб қилинмоқда ва шов-шувли ишлардаги иштироки учун қўрқитилмоқда", - дея таъкидланади Хьюман Райтс Вотч ва Норвегия Хельсинки қўмитасининг қўшма баёнотида.

2016 йилда халқаро блоггерлик платформаси бўлмиш Global Voices таниқли адвокатни «ҳақиқат овози» дея атаган ва Facebook ижтимоий тармоғида катта эътиборга эга бўлган олти нафар тожик аёлларидан бири сифатида қайд қилиб ўтган эди.

«Воҳидова кўпчилик одамлар очиқчасига кўтариб чиқиши қийин бўлган мавзуларни, жумладан инсон ҳуқуқлари бузилиши ва коррупция мавзусини кўтариб чиқар эди. У тўрт нафар ўғилнинг онаси бўлиш билан бирга мард, мустақил бўлиб Тожикистондаги бирор бир мухолифатдаги партияга мансуб бўлмаган ва бўлишни ҳам истамас эди. Унинг Facebookдаги аккаунтини Тожикистондаги сиёсий ҳаётга қизиқиш билдирган ҳар бир инсон кузатиши мумкин», -дейилади Global Voices мақоласида.

Муалифнинг сўзларига қараганда, таниқли адвокат ҳукуматнинг камчиликларини очиқчасига танқид қилади ва “Facebookда юзлаб фойдаланувчилар ўзини ўзи цензура қилишаётган, хорижда яшаётган бўлишларига қарамай давлат нафратига учрашдан қочаётган бир вақтда” усуд даъволари, жарима ва пўписаларга қарамай тез-тез сиёсий аҳамиятга эга постларни эълон қилиб туради.

XS
SM
MD
LG