Душанбеда яшовчи Гулчеҳра ўзининг жиянини кўриш учун мунтазам равишда 1-сонли тергов изоляторига бориб турарди. Жияни икки йил аввал қотилик айби билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Жиянининг қариндошлари узоқ туманлардан бирида яшайди, шу сабабли аёл бошқалардан кўра кўпроқ маҳбуснинг олдига келиб туради.
Бироқ, икки ҳафта аввал колония раҳбарияти учрашиш тўғрисидаги аёлнинг навбатдаги илтимосини рад қилди, улар учрашиш учун рухсатнома фақат яқин кишиларига - ота-онаси, рафиқаси ва фарзандларига берилишини маълум қилишди. «Авваллари осон эди, паспортни текширишарди, менинг исми шарифимни ёзиб олишарди ва мен учрашишга кирар эдим. Ҳозир эса иккинчи бор жияним билан учрашишга уринаяпман, аммо улар эндиликда хола ва жиянлар маҳбуслар билан учрашишга қўйилмаслигини айтишмоқда. Янги қоидалар шунақа экан», - дейди аёл.
Унинг сўзларига қараганда, ўзининг ҳукм қилинган укаси билан кўришишга келган эркак ҳам учрашиш учун рухсат ололмаган.
Шу билан бирга мамлакат пенитенциар бошқармаси вакиллари маҳкумларнинг қариндошлари билан учрашиши борасидаги қоидаларда ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтишмоқда, уларнинг таъкидлашларича учрашиш учун рухсатнома фақат энг яқин қариндошларгагина берилади.
Адлия вазирлигига қарашли Жазони ижро этиш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳом Маҳмудовнинг Озодлик Радиоси билан суҳбатда таъкидлашича, авваллари ҳам учрашиш учун рухсатнома шахсий ишда маҳкумнинг энг яқин қариндоши сифатида кўрсатилганларга бериларди.
«Қонун талаблари ўзгармади. Тегишли қоидаларга кўра учрашиш учун рухсатнома маҳкумнинг шаҳсий ишида кўрсатилган энг яқин қариндошларига берилади», - дея таъкидлади Маҳмудов.
Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятида қонуннинг ижроси устидан назорат кучайтирилганлигини мамлакатдаги айрим қамоқхоналар назоратчилари ҳам тасдиқлашди.
Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониядаги исён 2018 йилнинг 8 ноябрга ўтар кечаси юз берди. Жазони ижро этиш муассасидаги тартибсизликлар вақтида расмий Душанбе маълумотига қараганда, 23 нафар маҳбус ҳалок бўлган. Исён вақтида қамоқхонанинг икки нафар ходими ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир аҳволда Хўжанддаги шифохонага олиб келинди.
Тожикистон расмийлари исённи бостириш вақтида фақат террорчилар ва хавфли жиноятчилар йўқ қилинганлигини айтишади.