Ссылки доступа

2015 йилдан Туркманистонда коммунал хизматлар 60 баробар қимматлашди


Туркманистонда янги йилдан бошлаб коммунал хизматлар нархи икки баробар ошди.

Ўтган йили турар жойнинг ҳар бир квадрат метри учун хизматлар нархи 7 манат 40 тенге ($2дан кўпроқ)ни ташкил қилар эди, шу йилнинг 1 январидан бошлаб туркманистонликлар 1 квадрат метр майдон учун 16 манат 90 тенге ($4,7) тўлашга мажбур бўлади.

Ашхабоддаги «Озодлик радиосининг туркман хизмати мухбирининг хабар беришича, сўнгги икки кунда пойтахтдаги Мир микрорайонидаги Уйлар бошқармаси ходимлари ва қоровуллар уйма-уй юриб аҳолига коммунал хизматларнинг йиллик тўлови борасидаги квитанцияларни тарқатиб чиқмоқда.

«Бу квитанциялар уй бошқармаси ходимлари томонидан тўлдирилган. 2018 йилда майдони 54 м2 бўлган хонадонлар учун хизматлар нархи бир йилда 400 манат ($111) эди. Бу йил нархлар 893 манат 20 тенгега ($248) қадар қимматлашди. Бизга айтишларича бу нархларга турар-жой майдонига хизмат кўрсатиш, иситиш ва чиқиндиларни олиб кетиш кирар экан. Бироқ ҳар бир хизмат учун қанча тўланиши борасида тушунтиришмади», - дея хабар беради 4 январ куни Азатлиқ мухбири.

Маълумот учун таъкидлаш керакки, 2015 йилда майдони 54 м2 бўлган турар жойлар учун коммунал хизмат тўловлари 15 манат ($4), 2016 йилда - 145 манат ($40), 2017-2018 йилларда эса 400 манат ($111) эди. Бу дегани, 2015 йилдан коммунал хизматлар 60 баробар ошганини англатади.

Мухбиримизнинг сўзларига қараганда, пойтахтдаги уй бошқармалари ходимлари аҳолига январь ойи охирига қадар пуллар тўлаб қўйилишини айтишмоқда.

Туркманистонда коммунал хизмат тўловларининг оширилиши, давом этаётган озиқ-овқат инқирози, шунингдек бепул газ, электр энергияси ва сувга бўлган имтиёзларнинг бекор қилинган вақтига тўғри келиб қолди.

Туркманистонда ўртача ойлик маоши 800 манат ($222)ни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG