Ссылки доступа

Пахтага одам чиқарган отряд раҳбарлари иш ҳақини ололмаяпти


Хоразм вилояти, Шовот туманидаги 2018 йилги пахта мавсумида пахтага одам чиқарган, теримни ташкиллаштирган 35 нафар отряд раҳбарлари иш ҳақини ҳануз ололгани йўқ.

Шовот туманидан Озодликка мурожаат қилган, 2018 йил пахта теримида қатнашган бир гуруҳ отряд раҳбарларининг ёзишича, улар билан шартнома тузган “Шовот Текстил” корхонаси ойликка келганда ўзини олиб қочмоқда.

“Корхона билан тузган шартномамиз бўйича ўтган йили биз иш ҳақимизни олишимиз керак эди. Янги йилдан олдин пластикка ташлаб берамиз, деганди. Икки марта бордик, бермади. 20 сентябрдан 10 ноябргача пахтада бўлдик. Шартнома бўйича, агар биз 80 тонна пахта тергизсак бир ярим миллион сўм, бундан ортиғининг ҳар тоннасига 50 минг сўмдан бериши керак эди. Баъзиларнинг иш ҳақи 2-3 миллион сўмдан ошиб кетган. Лекин бермай турипти”, деди отряд раҳбари бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Эслатиб ўтамиз, пахта териш масалаларига бағишланиб ўтган йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган йиғилишда 2018 йилда мамлакатда 26467 та пахта терувчилар отряди тузилиши ҳақида айтиб ўтилганди. Умуман олганда пахта далаларига 2 млн. 639 минг киши чиқади.

Йиғилишда ўзбек ҳукумати раҳбари маҳалла қўмиталари раислари ҳам юзлаб одамларни бирлаштиришга қодир бўлган ихтиёрий ташкилот ходимлари ҳам ортядлар раҳбарлари бўлиши мумкинлигини қайд этиб ўтганди.

Отряд раҳбарларининг иш ҳақлари 2 миллион сўм(250 доллардан зиёд)дан кам бўлмаслиги хабар берилганди.

XS
SM
MD
LG