Давлат раҳбари маъмурияти томонидан тарқатилган табрик матнида қайд этилганидек, “ушбу кун бизга инсониятнинг энг яхши фазитларлари — эътиқод, раҳм-шафқат ва инсонпарварликни эслатиб туради”. “Ушбу ўлмас қадриятлар анъанавий динларнинг барчамиз учун умумий бўлган бой маънавий манбаларига эътиборимизни қаратади. Улар кўп асрлар давомида яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро тушунишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда”, - дейилади хабарда.
“Қирғизистон халқининг бой маънавий меросига таянган ҳолда биз мамлакатимизда элатлараро ва конфессиялараро тинчлик ҳамда ҳамжиҳатликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этишимиз лозим. Қирғизистондаги православ черкови бошқа конфессиялар билан биргаликда жамиятнинг ахлоқий устунларини сақлаш, хайр-саховат ишларини ривожлантириш, ёшларни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлаш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамкорликка фаол кўмак бериб келмоқда”, - дея президентдан иқтибос келтиради матбуот хизмати.
Бугун 7 январь куни Қирғизистондаги православ насронийлар Рождествони нишонлашмоқда. Эрталаб пойтахтдаги барча черковларда байрамона ибодатлар ва шам ёқиш маросимлари бўлиб ўтди. Қирғизистонда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, православ насронийлигига эътиқод қилувчи қарийб 500 минг киши яшайди.