Ссылки доступа

Сейсмолог: Қозоғистонга сейсмик хавфсизлик тўғрисидаги қонун зарур


“Озодлик” радиосига интервью берган сейсмология институти директорининг ўринбосари Нурсарсен Ўзбеков Қозоғистондаги хавфли сейсмик зоналар хақида ва махсус хариталар устида иш олиб борилаётганини гапириб берди. Унинг фикрича, сейсмик хавфсизлик тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиниши керак экан.

Нурсарсен Ўзбековнинг баёнот беришича, Қозоғистон ҳудудларининг 40 фоизга яқини хавфли сейсмик зона ҳисобланади. Булар - Шарқий Қозоғистон, Жамбил, Туркистон ва Қизил Ўрда, Олмаота вилоятлари ва Олмаота шаҳридир. Мангистау вилояти қисман ўрта даражали ер қимирлаш хатари зонасига киради. Бу вилоятларда комплекс илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. 2016 йилдан бери Евро-8 стандартлари бўйича ер қимирлашлари хавфи бўлган минтақалар районлаштирилди.

"Аввалига биз ер қимирлашлари хатарларини ва тебранишлар кучини баллар бўйича ҳисоблаб чиқдик, эндиликда эса самарадорлигини аниқлаяпмиз. Бу оралиғи икки йил бўлган муддат билан амалга оширилмоқда. Бу мамлакатимизга келадиган хорижлик инвесторларга шароит яратиш ва инвестициялар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. 2015 йилда биз европа стандартларига мос равишда зоналаштирилган хариталарни яратдик. Бироқ унинг қамрови тор бўлгани боис, маълумот олишда мураккабликлар бўлиб турибди. Шу сабабли хозир ҳар бир вилоятда янги стандартларга мос равишда ўзларининг хариталари яратилмоқда. Бунинг учун давлат томонидан тегишли норматив ҳужжатлар тайёрланди. Биз бу ҳужжатларни 2021 йилга қадар тайёрлашимиз керак", - деди Нурсарсен Ўзбеков.

Унинг сўзларига қараганда, аҳолини ўйлантираётган асосий масала бу зилзилаларни прогноз қилишдан иборат. "Биз кучли зилзилаларнинг прогнозини уч босқичини таклиф қилаяпмиз. Прогнознинг уч тури мавжуд. Узоқ муддатлиси - беш йилдан етти йилгача, ўрта муддатлиси - бир йилгача ва ниҳоят қисқа муддатлиси – соатли ва кунлик. Биз ўз даражамизга кўра хариталарни беш-етти йилга тузамиз. Бу ишни бошқалардан кам бўлмаган даражада уддалаяпмиз. Биз ўрта муддатли, яъни бир йиллик прогнозларни қилишимиз мумкин".

Қозоғистон ФАнинг сейсмология институти асосан илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади. У билан ёрдамчи ташкилот – Сейсмологик тажриба -методик экспедиция ҳамкорлик қилади. Мазкур муассасанинг Қозоғистон бўйлаб 63 станцияси мавжуд.

XS
SM
MD
LG