Ссылки доступа

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров устидан суд жараëни бошланди


2019 йилнинг 7 январь куни Ўзбекистондаги энг шов-шувли жиноят иши фигуранти – Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров устидан суд жараëни бошланди. Бу ҳақда бир-биридан мустақил манбалар билдирди.

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ишига яқин мулозимнинг айтишича, суд жараëни Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида ўтмоқда.

"Суд жараëнига Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ўринбосари Акбар Туробов раислик қилмоқда. Ëпиқ режимда ўтаëтгани учун тафсилотларни ҳатто судланувчилар яқинларига ҳам айтишмаяпти. Бугунги жараëнга қанча айбланувчининг олиб келинганини аниқ билмайман¸ аммо 15 тача атрофида деб тахмин қиламан. Суд бошланишидан олдин у ерга "Тез ëрдам" келганидан¸ Мирағлам Мирзаевнинг ҳам олиб келинганини тушуниш мумкин"¸ деди жараëнни билвосита кузатаëтган суҳбатдошларидан бири.

Рашиджон Қодиров товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбланиб 22 февраль куни Тошкентда ҳибсга олинган.

Ислом Каримов даврининг 15 йиллик бош прокурори 67 яшар Рашитжон Қодиров Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин ҳибсга олинган энг юқори лавозимли собиқ раҳбардир.

Ўз чиқишларида собиқ бош прокурорни бир неча бор оғир жиноятларда айблаб тилга олган Мирзиëев¸ уни хусусан¸ прокуратура тизимида коррупцияни авжга чиқарганликда айблаган ва Қодировни телевидение орқали ўз айбига иқрор қилиш истиқболи ҳақида гапирган эди.

Ҳозирча Қодиров иши бўйича судга тақдим этилган айблов хулосасида унга айнан қандай айблар қўйилгани маълум эмас.

Собиқ раҳбарининг ҳибсга олинганини 2018 йилнинг 24 февраль куни расман тасдиқлаган Бош прокуратура “Қодиров иши” иши доирасида асосан собиқ прокуратура мулозимларидан иборат жами 24 шахснинг қамоққа олинганини ҳам билдирган эди.

XS
SM
MD
LG