Ссылки доступа

Туркманистон мактабларида президент портретлари янгиланди


Туркманистон умумтаълим муасссаларида президент портретлари яна алмаштирилди. «Озодлик» радиоси туркман хизмати мухбирининг хабар қилишича, президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг портретлари дам олиш кунлари алмаштирилди.

"Дашўғиз мактабларида кеча президентпортретлари алмаштирилди. Портретлар кулрангли. Ўқитувчилар 5 манатдан тўплашди", - дея хабар берди 7 январ куни «Озодлик»нинг Туркманистондаги мухбири.

Ашхободдаги «Озодлик» мухбирининг сўзларига қараганда, бутун мамлакат бўйлаб давлат муассасаларидаги портретлар алмаштирилмоқда.

Бундан ташқари, жумладан пойтахтда, президентнинг янги кулранг сочли портретлари эркин сотилмоқда ва катта суратни 5 манат ($1,3)га, кичигини эса 3 манат ($0,8)га харид қилиш мумкин.

«Ўтган мавсум»даги президентнинг қора сочли портретлари айни дамда арзонлаштирилган нархда 4 манат ($1)дан сотилмоқда.

Ўтган йилнинг ёз фаслида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутилмаганда ўз имижини ўзгартирди ва оқ оралаган сочлари билан жамоатчиликка кўрина бошлади. Унга қадар Туркманистон ОАВдаги кадр ва лавҳаларда Бердимуҳамедов қора сочларда кўринарди.

Туркманистон давлат муассасаларида портретларнинг алмаштирилиб турилиши мунтазамлилик касб этади ва асосан бюджет соҳаси ҳисобидан амалга оширилади. Портретлар барча давлат идоралари ва жамоат жойларида мавжуд. Барча давлат муассасалари, жумладан мактаблар, шифохоналар, санаториялар, вазирлик, хокимлик, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари, ҳуқуқ тартибот идоралари, спорт иншоатлари ва концерт заллари, шунингдек, аэропортлар ва самолётлар салонларида мамлакат президентининг портрети бор.

XS
SM
MD
LG