Ссылки доступа

Пашинян Қарағандадаги ҳодисани изоҳлади (видео)


7 январь куни Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Қарағандада оммавий муштлашув вақтида юз берган қотилликни изоҳлади.

У журналистнинг саволига жавоб берар экан, марҳумнинг қариндошларига таъзия билдирди ва арман ОАВни «фақат диққат билан ўрганилгандан кейингина» ахборот тарқатишга чақирди.

"Менга маълум қилишларича, можарода иштирок этганлар моноэтник бўлмаган. Можарога сабаб бўлган муштлашганлар орасида этник қозоқ ҳам бор эди, шу сабабли бу ерда миллатчилик бўлиши мумкин эмас", - дея баёнот берди Пашинян.

Бундан аввалроқ Арманистон ташқи ишлар вазири Шаварш Кочарян баёнот бериб, Арманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси 3 январ куни тарқатган баёнотида фуқаролар фақат расмий манбаларга таянишлари ва нотўғри маълумотларни тарқатмасликлари таъкидланганини маълум қилди. Элчихона баёнотида нотўғри маълумотлар "жамоатчилик фикрини манипулация қилиш манбаи бўлиши мумкинлиги" ва "юз берган маиший ҳодиса миллатлараро мажорога айланиб кетиши мумкинлиги" қайд қилинган.

Қарағанда вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, биринчи январга ўтар кечаси Қарағандадаги ресторанлардан бирида жанжал келиб чиққан, кейинчалик оммавий муштлашувга айланиб кетган, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Яна уч киши тан жароҳати олди.

Қарағанда вилоят ҳокимлигининг баёнотига қараганда, жанжалкашларнинг тўққиз нафари аниқланиб, улардан саккиз нафари ҳибсга олинди. Бир нафари халқаро қидирувга берилди. Қозоғистон ҳуқуқ тартибот идоралари муштлашувнинг миллатлараро низо экани борасида тарқатилган хабарларни инкор қилди.

6 январ якшанба куни Қарағандада юзлаб фуқаролар кўчаларга чиқиб ҳукуматдан оммавий муштлашув билан боғлиқ ҳодиса юзасидан изоҳ берилишини талаб қилди. Айрим иштирокчилар «жиноят айбдорлари жазодан қутилиб қолишидан» хавотир билдиришди. Тўпланганлар билан вилоят ҳокими Ерлан Кошанов учрашиб, қочиб кетган бош гумондор икки-уч кун ичида қўлга олинишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG