Ссылки доступа

Ўзбекистонда ярим миллиондан кўпроқ пенсионернинг пенсияси камида 65 минг сўмга оширилади


Ўзбекистонда 533 минг нафардан кўпроқ пенсионернинг пенсияси 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ўртача 65 минг сўмдан 265 минг сўмгача оширилади. Бунинг учун 2019 йилда 1,8 триллион сўм миқдорида маблағ талаб этилади.

Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 7 январь куни маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 12 декабрда барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Мазкур қарорда пенсиялар миқдорини қайта ҳисоблаб чиқишга ҳам кўрсатма берилган эди.

“Шуни таъкидлаш керакки, бу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади”, дейилади расмий маълумотда.

Аввалроқ мамлакатда 118 минг нафар ишловчи пенсионер борлиги, уларнинг фақат 40 минг нафари пенсияни тўлиқ олиши, қолган 78 минг пенсионерга эса пенсиянинг фақат 50 фоизи тўланиши хабар қилинган эди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўзбекистонда 3 миллион 87 минг нафар пенсионер бор.

XS
SM
MD
LG