Ссылки доступа

Солиқ қўмитаси метан газ нархи асоссиз қимматлатилганини билдирди


Давлат Солиқ қўмитаси Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида метан гази нархи асоссиз оширилганини маълум қилди.

7 январь куни эълон қилинган расмий маълумотда айтилишича, 4 январь ҳолатига кўра, автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаларида метан гази нархи 1900 сўмдан 2200 сўмга, пропан гази 200 сўмдан 500 сўмга қимматлаган.

Солиқ қўмитаси ўтказилган таҳлил нарх сунъий равишда оширилганини кўрсатган. Қўмитанинг ҳисоб-китобича, бугунги кунда метан газининг нархи 1800-1900 сўмдан ошмаслиги керак.

“Давлат солиқ қўмитаси томонидан танлов асосида бир қанча метан газ қуйиш шохобчаларининг фаолияти таҳлил қилинганда, 2018 йилнинг 9 ойида 1 м3 метан газнинг ўртача нархи 1650 сўмдан сотилган бўлса, 4- чоракка келиб 1950 сўмгача оширилган. Жорий йилдан бошлаб эса ҳеч қандай асоссиз равишда 1900 сўмдан оширилиб, 2200 сўмгача сотилмоқда.

Натижада газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 2018 йилнинг 9 ойлигидаги 20-29 фоиздан 45-60 фоизгача ошган. Агар ушбу шохобчанинг рентабеллик даражаси 30-36 фоиз миқдорида сақланган ҳолатда нарх 1800-1900 сўмдан ошмаслиги керак эди”, дейилади расмий маълумотда.

Қўмита газ нархини асоссиз оширган тадбиркорлар фаолияти алоҳида назоратга олинишини билдирган.

Аввалроқ Молия вазирлиги нархни асосиз оширган автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари эгаларига нисбатан чоралар кўришини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG