Видеоёзувдаги эркак “ҳеч кимни ўлдирмагани”ни айтган.
Видеодаги ёш йигит марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирар экан, муштлашувда иштирок этганини инкор қилмаган. У Қозоғистон расмийларига таслим бўлишга тайёрлигини айтар экан, шуниндек ўзининг хавфсизлиги таъминланишини ва тергов шаффоф бўлиши кераклигини илтимос қилади.
"Мен ўзимнинг қилмишим учун жавоб беришга тайёрман, бироқ бировларнинг гуноҳини ўзимга олмоқчи эмасман. Мен ҳеч кимни ўлдирмадим. Мен қотил эмасман", - дея баёнот беради видеодаги одам.
Қидирувга берилган 22 ёшли Гуруряннинг сурати бу иш бўйича қўлга олинган уч гумондор сурати билан бирга Қозоғистон ОАВда эълон қилинган эди. Суратларни Қарағанда Ички ишлар департаменти матбуот хизмати тақдим қилган.
Вилоят хокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 1 январга ўтар кечаси ресторанлардан бирида бир гуруҳ меҳмонлар ўртасида можаро келиб чиқади ва оммавий муштлашувга айланади. Бунинг оқибатида Қарағандада яшовчи 23-ёшли фуқаро ўлдирилади. Яна уч киши жароҳат олди.
Прокуратура “Қотиллик” ва “Безорилик” моддалари бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди. Ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идоралари можаро миллатлараро низо эканлигини инкор қилмоқда ва миллатлараро низо қўзғаш учун жавобгарликдан огоҳлантирмоқда.