Ссылки доступа

Бердимуҳамедов бир қатор вилоят ҳокимларини ишдан бўшатди


2019 йил бошланганига бир ҳафта бўлмасдан Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов айрим этрапларнинг раҳбарларини ишдан бўшатди ва янгиларини тайинлади.

Туркманистон Давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, Бердимуҳамедов бу борадаги тегишли фармонларни имзолади.

Аннаев Гурбанмуҳаммет Бабаджанович Ахал вилоятининг Бахерден этрапи ҳокими этиб тайинланди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Бахарден этрапининг аввалги ҳокими Аннагелди Язмирадов Қишлоқ ва сув хўжалик вазири этиб тайинланган эди.

Президентнинг яна бир фармонига кўра, Дашўғиз вилоятининг Губадағ этрапи ҳокими Назаров Торегилич “ишда қўйган камчиликлари учун” мансабидан озод қилинди. Унинг ўрнига Нуржанов Халжан Атажанович тайинланди.

Лебап вилоятининг Халач этрапи ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Гилижов Батир Лебап вилоятининг Довлетли этрапи ҳокими этиб тайинланди. Мазкур этрапнинг аввалги раҳбари Абдишукуров Сулейман Орунбаевич ишдаги камчиликлари учун мансабидан озод қилинди.

Туркманобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Аллақулиев Сохбет Лебап вилоятининг Койтендағ этрапи ҳокими этиб тайинланди. Мазкур этрапнинг аввалги ҳокими Қурбандурдиев Ашир Розимурадович ишдаги камчиликлари учун мансабидан бўшатилди.

Агамирадов Агамират Бердимирадович Мари вилоятининг Мурғао этрапи ҳокими этиб тайинланди. Бу этрапнинг аввалги маъмурияти раҳбари Алланазаров Бабажан Атаевич ишдаги камчиликлари учун мансабидан озод қилинди.

Туркманистон президенти вазир, вилоят ва этрапларнинг раҳбарлари ва бошқа амалдорларни, жумладан расмий ОАВ бош муҳаррирларини тез-тез ишдан бўшатиб, янгиларини тайинлаб туради. 2018 йилда ўнлаб йирик ва кичик мансабдаги амалдорлар, жумладан ўзининг ўринбосарларини, вазирларни ва ҳокимларни алмаштирди. Шуниси эътиборлики, ҳар бир ишдан бўшатиш “ишда йўл қўйган камчилиги учун” дея изоҳланади.

XS
SM
MD
LG