Ссылки доступа

Zeromaxнинг собиқ раҳбари Миродил Жалолов ДХХ қамоғидан озод бўлди


Зеромакс компанияси собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов
Зеромакс компанияси собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов

Zeromax ширкатининг собиқ бош ижрочи директори 53 яшар Миродил Жалолов 8 январь куни Ўзбекистон ДХХ Тергов ҳибсхонасидан озод қилиниб, Тошкентдаги уйига келди. Бу ҳақда Миродил Жалоловнинг хотини Фотима Жалолова маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Жалоловга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чорасини бекор қилиб, суд залидан озод қилди.

- Мана бугун озод бўлиб уйга кириб келди. Қувончимиз чексиз. 8 йил ўтирди қамоғда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиëевга миннатдорлик билдираман¸ - деди Фотима Жалолова.

Айни пайтда суд ўз ҳукми билан Миродил Жалоловни айбли деб топиб, 17¸687.040 сўм жаримага тортган.

2010 йил ҳибсга олинган Жалилов иши 2017 йилнинг 4 январида кўриб чиқилган эди. 2017 йилги суд ажримида Миродил Жалоловга "жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун вақт" берилгани алоҳида таъкидланганди.

Бироқ яқинларидан бирининг ўшанда маълум қилишича, "ўнлаб миллион доллар"ни ташкил этган "етказилган зарар"ни қоплашга муваффақ бўлмагач, Миродил Жалолов март ойида яна қамоққа олинган эди.

Ўшандан буён тадбикор "Гвардейский" изоляторида сақланаётган эди.

Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax ширкати Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик саноати, транспорт, шунингдек, нефть, газ ва олтин қазиб чиқариш билан шуғулланган.

2008 йилда Zeromax эълон қилган расмий рақамларга кўра¸ ширкат активлари ўшанда 3.298 миллиард Швейцария франки (қарийб 4¸5 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил қилган.

Бироқ 2010 йил мартида Zeromax касодга учрагани эълон қилинди ва унга тегишли барча мол-мулкка ҳибс қўйилди.

2010 йилнинг май ойида Ўзбекистонда Zeromax фаолияти тўхтатилди, ширкатга тегишли мол-мулк давлат фойдасига мусодара қилинди ва ширкатнинг банклардаги ҳисоблари музлатилди.

Ўзбекистон халқи орасида "Одилбой" номи билан танилган Миродил Жалолов эса 2010 йил сентябрида Zeromax ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиб, барча ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилган пайтда ҳибсга олинган эди.

Zeromax активлари ва АЁҚШлари UzGazOil миллий холдинги тасарруфига ўтказилган эди.

XS
SM
MD
LG