Ссылки доступа

Қирғизистонда сиёсатчи Текебаевдан афв этиш борасида илтимоснома ёзишни талаб қилишмоқда


Жазони ижро этиш давлат хизмати «Ата Мекен» партиясининг етакчиси Омурбек Текебаевдан афв этиш борасида илтимоснома ёзишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда унинг адвокати Таалайгуль Токтакунова «Озодлик» радиосига маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, олдига ЖИЭДХ раҳбари ва муассасанинг бошқа вакиллари келган. «Улар президент аппаратидан Роза Исаковна ва олтита фракция раҳбари томонидан давлат раҳбари номига афв қилиш борасида ёзилган мурожаатнома келганини айтишган ва маҳкумнинг афв қилиш борасида илтимоснома ёзиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб қўйишган. Бу талаб қўштирноқ ичида Текебаев илтмосномани ўзи ёзиши кераклигини англатади», - дейди Токтакунова.

Унинг таъкидлашича, Текебаев афв қилиш борасида илтимоснома ёзишдан воз кечган ва тўла оқланиши учун ҳаракат қилмоқда. Адвокатнинг фикрича, ўзининг ҳимоясидаги маҳкум афв қилиш борасида илтимоснома ёзишдан воз кечгани ҳақида ЖИЭДХ президент аппаратига жавоб ёзиши эҳтимоли мавжуд, ўз навбатида маъмурият Текебаевнинг ўзи илтимоснома ёзмаган деган хулосага келади.

ЖИЭДХ матбуот котиби Элеонора Сабатарова Токтакунованинг сўзларини рад қилди. Унинг таъкидлашича, муассаса раҳбари Таалайбек Жапаров Текебаев олдига бормаган вау билан афв масаласини муҳокама қилмаган.

25 декабр куни Роза Отунбаева президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат қилиб парламент собиқ депутати Омурбек Текебаевни афв қилишни сўради.

У Жўқорғу Кенеш фракциялари етакчиларини ўз ташаббусига қўшилишга чақирди. Ўша куни барча - олтита фракциянинг раҳбарлари мурожаатномага имзо қўйди.

Бироқ собиқ омбудсмен Турсунбек Акуннинг фикрича, Отунбаева ва депутатлар президентни қонунни бузишга чорлашмоқда. Унинг сўзларига қараганда, «Умумий амнистия ва афв принциплари тўғрисида»ги қонунга биноан маҳкумнинг шахсан ўзи афв этиш борасида илтимоснома ёзиши керак.

Бундан аввалроқ президент Сооронбай Жээнбеков Омурбек Текебаев мурожаат қилгудек бўлса, уни афв этишга тайёрлигини билдирган эди. Бироқ Текебаев бунга жавобан афв этиш борасида илтимос қилмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG