Ссылки доступа

Инвестиция жалб қила олмаган ҳокимлар ойлигининг 50 фоизини жаримага тўлайди


Бундан буён тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қила олмаган вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима тўлайдилар. Аксинча, инвестицияларни жалб қилишда ютуқларга эришган раҳбарлар рағбатлантирилади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 январь куни инвестициялар масаласида ўтган йиғилиш чоғида маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, вилоят ҳокимлари ҳар ҳафтада биттадан туман ёки шаҳарга бориб, элчилар билан алоқа ўрнатган ҳолда, у ерга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишларни ташкил қилиши шарт.

Тармоқ раҳбарлари ҳам ҳар ҳафтада битта вилоятга бориб, амалдаги лойиҳаларни бажариш ва қўшимча инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб боради.

Бош вазир ва унинг ўринбосари элчилар иштирокида ҳудудлар ва тармоқларга жалб қилинган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатини мунтазам муҳокама қилиб боради.

Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 2019 йил учун инвестиция дастурида умумий қиймати 16 миллиард 600 миллион доллар бўлган уч мингта лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган. Бу 2018 йилдагига нисбатан 16 фоизга кўпдир.

XS
SM
MD
LG