Ссылки доступа

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортини олиш ҳам ур-йиқит билан бошланди


Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида паспорт учун навбат
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида паспорт учун навбат

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортларига ариза топшириш ур-йиқит билан бошланди. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари олдида узун навбатлар юзага келди.

Тошкентнинг 11 туманида янги жорий этилаётган хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжатларни қабул қилиш 4 январдан, 7 январдан эса, вилоятларида янги паспорт учун аризаларни қабул қилиш бошланди.

1 январдан хорижга чиқмоқчи бўлганлар икки йилга бериладиган ОВИР стикерлари ўрнига 10 йилга бериладиган хорижга чиқиш паспортини олишлари керак бўлади.

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МФР) бўлинмалари олдида шу кунларда турнақатор навбатлар юзага келган.​

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда Самарқанд, Гулистон, Урганч, Термиз шаҳарларидаги МФР бўлинмалари олдида тиқилинч юзага келганини кўриш мумкин.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун ариза топширгани Самарқанд шаҳар МФР идорасига борган самарқандлик Бахшулло Орипов ўз бошидан кечирганларини сўзлаб берди: “Бугун саҳарда, соат 6га келиб навбатга 169инчи бўлиб ёзилдик. 70 одамга ариза топширишга талон берди, қолганларга жавоб бериб юборди, эртага келасизлар деди. Одамлар бир кун олдин бориб, ОВИРни (идоранинг эски номи - таҳр.) олдига ётиб олишяпти. Олдин ОВИР стикери учун навбатга турган бўлсак энди ҳудди шу идорани олдида хориж паспорти учун турибмиз”.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги МФР бўлинмаларида ҳам хориж паспортига ариза топшириш асаббузарликлар билан кечмоқда.

Ҳозирда амалдаги биометрик паспортида муддати битмаган чиқиш визаси бўлган фуқаролар, чиқиш визаси стикерининг муддати битгунича бемалол четга чиқиши мумкин. ОВИР муддати тугамаганлар тугагунча ҳозирги паспорти билан юриши мумкин.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан хориж паспорти олиш бўйича юзага келган вазият юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари қўлларидаги жорий биометрик паспорт билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар, шу жумладан Россияга чиқишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG