Ссылки доступа

Тожикистонда оффшор компанияларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилиш юклатилди


Тожикистонда корхона ва компаниялар, жумладан оффшор компаниялар ўзларининг фойда кўрадиган эгалари тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишларига мажбур.

7 январдан Давлат рўйхатидан ўтиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар кучга киргани боис Тожикистондаги корхона, компания, юридик шахс ва хусусий тадбиркорлар тегишли идораларда регистрациядан ўтишларидан ташқари ўзларининг фойдалари борасида ҳам маълумот бериб туришлари керак бўлади.

Шу кунга қадар Тожикистондаги хусусий компания ва корхоналар оффшор компаниялар орқали ўз номларини яширишга уриниб келишарди ёки сохта номлар остида яширинишга ҳаракат қилишарди. Шу сабабли кўп ҳолларда хукумат у ёки бу компаниянинг аниқ эгаси кимлигини билмасди.

Бу мавзу 2009 йилда тожик жамиятида анча шов-шувларга сабаб бўлган эди, ўшанда мамлакат ҳукумати Сўғд вилоятини мамлакат маркази билан боғловчи Душанбе-Чанак автотрассасини фойдаланиш учун IRS компаниясига берган эди. Бу компания Тожикистон фуқароси номига Британиянинг Виргин оролида рўйхатдан ўтган эди. Шу кунгача мазкур компания эгаси кимлигини ҳеч ким билмайди.

Тожикистон Солиқ қўмитасининг юридик бўлими бошлиғи Мэлс Меликовнинг Радио Озодига айтишича, қонунга киритилган ўзгартишлар янги, эндигина ташкил этилган компанияларга таалуқлидир. «Менга маълум бўлишича, қонун акс кучга эга эмас. Шу сабабли ўзгартишлар аввалги қонун асосида рўйхатдан ўтган компанияларга нисбатан жорий этилмайди ва энди ташкил этилган компанияларга жорий қилинади», -дейди у.

Мазкур қонуннинг 11-моддасига кўра эндиликда корхоналар ҳукуматга таъсисчилар ва мулкдорлар ҳақида маълумотларни тақдим қилиши керак, акс ҳолда улар солиқ идорасида рўйхатдан ўтмайди.

Тожикистон ҳукумати матбуотдан оффшор компаниялар сонини, уларнинг эгалари ва Тожикистондан олиб чиқиладиган маблағлар ҳажмини яширади, бироқ 2013 йил охирида Tax Justice Network тадқиқот маркази Тожикистон фуқароларининг оффшор ҳудудлардаги маблағлари ҳажмини 2,5 дан 3,5 миллиард долларгача баҳолади.

«Оффшор» - сўзма сўз таржима қилинганда «қирғоқ орти», «орол» мазмунини беради - кичик ҳудуд бўлиб тадбиркорларга ўз маблағларини яшириш ва солиқ тўлашдан қочиш имконини беради.

Йирик оффшор ҳудудлари Швейцария, Люксембург, Британия, Америка ва Сингапурда жойлашган. Жаҳон бўйлаб солиқ тўлашдан бўйин товлашга имконият яратиб берувчи 70 та оффшор ҳудуд мавжуд.

XS
SM
MD
LG