Ссылки доступа

"Кўршапалак ини" васвасаси сабаб унинг уялари вайрон қилинмоқда


Ўзбекистонлик атроф-муҳит ва ҳайвонот дунёси ҳимоячилари одамлар ижтимоий тармоқларда "кўршапалак уясининг бир донасини бир неча минг доллардан сотиб оламан", деган уйдирмага учиб жонзотларга зиён келтираётганидан ташвиш билдирмоқда.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти шу кунларда кўршапалак уяси учун 5 минг доллар таклиф этилаётгани ва бу орқали катта пул ишлаш мумкинлиги борасидаги гап-сўзларга тўлиб-тошган.

Баъзилар уяни 10 минг долларга ҳам сотиш мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Бундай гап-сўзлар ортидан баъзилар тоғ-тошлар ва ғорлардан кўршапалак инини қидиришга тушган. Ижтимоий тармоқларга қўйилган айрим видеоларда одамлар кўршапалак инини бузаётганини кўриш мумкин.

Тошкентдаги “Живая планета” ҳайвон ҳимоячилари жамияти фаоли Анастасия Ташилова “кўршапалак ини васвасаси” деб қанотли жонзотлар уялари вайрон қилинаётганидан ташвиш билдирди. У одамларни бу уйдирма гапларга ишониб, табиатга озор бермасликка чақирди. "Бундай мантиқсиз гапларга учиб одамлар беозор кўршапалаклар уяларини бузмоқда. Ишонманг бу гапларга, ёлғончи ва фирибгарлар томонидан ўйлаб топилган бу! Бемаънилик деб, жонзотларнинг уяси бузилгани қоляпти", деди Ташилова.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари кўршапалак уяси олтинга ёпишиб олиш хусусиятига эга экани ҳақида ёзмоқда. "Олтинни ўзига оҳанрабодай тортар экан", - деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Бундай васвасадан зиён кўрган эса фақат кўршапалаклар бўлиб қолмоқда.

Кўршапалак ҳайвонот оламидаги учадиган ягона сут эмизувчидир. Кўршапалак ини саратонга қарши дори-дармон бўлиши тиббий тасдиқлангани тўғрисида маълумот топилмади.

Лекин Хонгконгда кўршапалак инидан шўрва тайёрланиши маълум. Лотин Америкаси давлатларида эса кўршапалак тезагидан ўғит сифатида фойдаланилади. Wikipedia маълумотига кўра, Guano деб аталувчи кўршапалак тезагининг килоси 1.5 - 3 АҚШ доллари атрофидадир.

XS
SM
MD
LG