Ссылки доступа

Тожикистон Миллий банки аҳолини метал тангаларни йиғмасликка чақирди


Тожикистон Миллий банки мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, ўз уйларида чақа –дирамларни йиғмасликка, балки муомалага чиқаришга чақирди.

Расмийларнинг ишонича, бу каби уйда пул тўплашлар муомалада майда пулларнинг етишмаслигига ва савдо ҳамда транспортда қайтим беришда муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Рудакий туманида истиқомат қилувчи Фуруҳ ва Ёқуб Назаровлар метал дирам ва сомонини тўплаш ўзларига ёқишини айтишади. Уларнинг сўзларига қараганда, тўрт ой муқаддам танга пулларни тўплашни бошлашган ва ҳозир уларнинг ҳар бирида 300 сомонидан ортиқ пул бор.

Маршрут такси ҳайдовчиси Оятулллоҳ Қамаровнинг айтишича, йўл кира1 сомони 60 дирамни ташкил қилади ва кўплаб йўловчилар унга 2 сомони беришади ва қайтим сўрашади. «Бироқ менда қайтим учун майда пуллар йўқ, шу сабабли бизда ҳамиша муаммо бўлади», - дейди Қамаров.

Ҳайдовчининг сўзларига қараганда, кўпинча у майда пулларни дўкон сотувчиларидан сотиб олади, масалан 10 сомони қоғоз пулни 9 сомони танга пулга алмаштиради.

Тожикистон молия муассасаларидан бирининг ходими Меҳрубон Бурхоновнинг сўзларига қараганда, Миллий банкнинг бу каби мурожаати мамлакатда металл пуллар билан боғлиқ муаммони ҳал қила олмайди. «Миллий банк муомалага кўпроқ майда пулларни чиқариши керак, ана ўшанда муаммо ҳал қилинади», - дейди Бурхонов. Унинг сўзларига қараганда, бошқа томондан бу муаммони замонавий усуллар билан ҳам ҳал қилса бўлади, бунинг учун нақд пулсиз тўловларни жорий қилиш керак.

Тахминан бир ярим йил муқаддам Тожикистон Миллий банки маъсул ходимлари майда пулларнинг камайиб кетгани сабаб муомалага металл тангалар киритилишини айтишган эди. Миллий банкнинг ишонича, шу тариқа тангаларнинг муомаладаги муаммосига барҳам берилади.

Миллий банк муомалага чиқарилган танга пуллар миқдорини ошкор қилмаган, фақат 2015 йилга келибгина муомалага умумий қиймати 31 млн сомони ($3,2 млндан кўпроқ) бўлган тангалар чиқарилгани маълум қилди.

XS
SM
MD
LG