Ссылки доступа

"Таджик Эйр" ўз ходимларини муддатсиз таътилга чиқарди


Барча йўналишлар бўйича парвозлар тўхтатилганидан кейин «Таджик Эйр» авиакомпанияси ўз ходимларининг кўпчилигини пул тўланмайдиган таътилга чиқарди.

Бироқ миллий авиаташувчининг ходимлари бир неча ойдан бери маош олишмаётганини таъкидлашмоқда ва аввалига маошлар тўланишини иш берувчидан талаб қилишмоқда.

Давлатга тегишли «Таджик Эйр» авиакомпанияси 4 январ куни Россия ва бошқа мамлакатларга парозларини вақтинча тўхтатди.

Миллий авиаташувчиси матбуот котиби Азиз Хайруллоев 9 январ куни Радио Озоди билан суҳбатда ходимларнинг катта қисми, жумладан учувчи ва стюардессалар пул тўланмайдиган таътилга чиқарилганлигини тасдиқлади.

Азиз Хайруллоев
Азиз Хайруллоев

Унинг сўзларига қараганда, барча йўналишлар бўйича парвозлар тўхтатилганидан кейин ходимларнинг айрим қисмини пул тўланмайдиган таътилга чиқариш зарурати пайдо бўлди. «Биз тез орада вазият яхши томонга ўзгаришига умид қиламиз, биз яна белгиланган йўналишлар бўйича парвозларни амалга оширишда давом этамиз ва ходимлар таътилдан чақириб олинади», -дейди суҳбатдош.

Айни дамда «Таджик Эйр»нинг барча йўналишлар бўйича парвозлари тўхтатилган, куз ойларидан қиш ойларидаги даврда Россия шаҳарларига йўловчиларни «Сомон Эйр» авиакомпанияси самолётлари элтиб қўяди.

«Таджик Эйр» авиакомпанияси 13 та шаҳарга – Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Сургут, Бишкек, Олмаота, Самарқанд ва бошқа шаҳарлага самолёт парвозларини йўлга қўйган эди.

Миллий авиаташувчи ходимларининг маълум қилишларича, 9 январ куни уларни ишга чақириб олишган ва пул тўланмайдиган таътилга чиқиш борасида ариза ёздириб олишган.

«Таджик Эйр» ходимларидан бири Матлубанинг хабар қилишича, улар аввалига бир неча ойлик маош берилишини талаб қилишган, ҳамда аризани имзолашмаган. Унинг айтишича, сентябрдан бери маош олишмаган.

«Таджик Эйр»нинг таътилга чиқарилган ходимларнинг сони ҳақида маълумот берилмаган, бироқ хабардор манбаларнинг маълумотига кўра, 9 январдан бошлаб штатдаги ходимларнинг 90% пул тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Юзага келган вазиятдан «Таджик Эйр» йўловчилари ҳам норозиликларини билдиршмоқда, чунки улар аввалроқ мазкур авиакомпаниядан чипта харид қилиб қўйишган.

«Таджик Эйр» тақдирини айни дамда бош вазир Қоҳир Расулзода рахбарлигидаги ҳукумат комиссияси ҳал қилмоқда. Комиссия миллий авиаташувчининг молиявий аҳволини ўрганиб чиқмоқда, қарор бир ой мобайнида чиқарилиши керак. Иккита вариант кўриб чиқилмоқда: авиакомпания ё банкрот дея эълон қилинади, ё вазият тўғриланиб авиакомпания фаолияти қайта тикланади.

XS
SM
MD
LG