Ссылки доступа

Туркманистонда хориждаги олий ўқув юртлари талабалари ҳисобига пул ўтказиш учун маълумотнома талаб қилинмоқда


Дашўғиз банкларида хориждаги олий ўқув юртларида ўқиётган талабалар банк ҳисобларига пул ўтказмоқчи бўлган ота-оналардан турар жойидан маълумотнома тақдим қилиш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда 9 январ куни «Хроника Туркменистана» хабар берди.

"Электр тармоғидан маълумотнома олишдан аввал ўз вақтида электр ҳақи тўлангани ва янги намунадаги электрон ҳисоблагич ўрнатилгани тўғрисидаги ҳужжатлар талаб қилинади. Янги ҳисоблагичларни ўрнатиш талаби бир неча йил аввал пайдо бўлган эди. Агар шу каби жиҳоз турар-жой биносига ўрнатилмаган бўлса, у ҳолда уй эгаси 300 манатдан 700 манатгача ($80-$200) жаримага тортилади", дея таъкидлайди нашр.

Ўтган йилнинг куз ойларидан бошлаб аҳоли 25 йил фойдаланиб келган газ, сув ва электрга белгиланган имтиёзлар бекор қилинганидан кейин хонадонларга ҳисоблагичларни ўрнатиш ва ўрнатиш бўйича назорат кучайтирилди. Аҳоли томонидан газ ва сувдан фойдаланиш учун назорат мамлакат ҳуқуқ тартибот идораларига юклатилди.

«Озодлик» суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, турли давлат идораларига мурожаат қилишда иш жойидан маълумотнома асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга Туркманистон банклари четга юбориладиган маблағларни чеклашни кўзда тутувчи янги талабларни мунтазам равишда илгари суриб туради. ​

2017 йил кузида туркманистонлик талабалар маблағларни нақдлаштиришда қийинчиликлар билан тўқнаш келди. Туркманистон банклари томонидан назарда тутилган расмий чекловлардан ташқари банк картларидан мабағларни бермаслик ҳолатлари ҳам мунтазам юз бериб туради.

Хорижда таълим олаётган талабаларнинг ўзлари берган хабарларга қараганда, банк картларидаги пулларни нақдлаштириш масаласида мураккабликлар туфайли талабаларнинг ўқишдаги қарзлари ортиб бормоқда, айрим талабалар пулсиз қолиб кетмоқда.

XS
SM
MD
LG