Ссылки доступа

Россия 3,5 йил қамоқда ўтириб чиққан ўзбекистонликни депортация қилишга ҳозирланмоқда


Маҳаллий депортация изоляторида сақланаётган 34 ёшли қўқонлик Соҳиб Содиқов Самарада Россия гражданлари бўлган вояга етмаган 3 нафар фарзанди ва рафиқаси боқувчисиз қолаётганини сўзлади.

Тольятти шаҳар СУВСИГИ (Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази)да ушлаб турилган асли қўқонлик Соҳиб Содиқов 29 декабрдан буён депортация хавфи остида қолаётганини билдирди.

У декабрь охирларида 3,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққани, аммо маҳаллий идоралар унинг қўлига Ўзбекистонга чиқариб юборилаётгани ва 12 йилга Россияга қайтиб киришни тақиқловчи ҳужжат топширишганини айтди.

- Мен анчадан бери – 1993 йилдан бери Самарада яшайман, ота-онам билан келганмиз. 2003 йилда ҳужжатларимни йўқотиб, гражданство ололмадим. Мен қилмаган ишим учун 3,5 йилга қамалдим. Ўтириб чиққанимдан кейин мени қонун бўйича 12 йилга депортация қилишмоқчи,- дейди Соҳиб.

Суҳбатдош Самарада 14 ёшли бир қизи, 12 ва 5 яшар икки ўғли борлигига қарамасдан Россиядан чиқариб юборилаётгани, улар боқувчисиз қолаётганини билдирди. "Ўзбекистонда мени яшайдиган жойим ҳам йўқ, уйларимизни сотворганмиз. Онам Ўзбекистонда ижарада яшайдилар. Мени 12 йилга депортация қиворса фарзандларим ҳаёти нима бўлади?! 3,5 йил усиз ҳам отасиз қийналишди болларим. Онаси ишламайди, ким боқади уларни?", - деди Содиқов Соҳиб.

Ўзбекистонлик муҳожир йигит орқали Россия ҳукуматига уни депортация қилмасликни сўраб, мурожаат қилди.

Соҳиб Содиқовнинг депортация қилиниши тўғрисидаги қарор маҳаллий миграция бўлинмаси томонидан чиқарилган. Самара вилояти Ички ишлар бошқармасининг Миграция бўлими қарорида “гражданин Соҳиб Собирович Содиқовнинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиши жамоатчилик тартиби, россиялик гражданлар қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини жиддий хатар остига қўяётгани” важи билан депортация қилинаётгани кўрсатилган.

Москвалик юрист Светлана Саламова ўзбек муҳожирини депортация қилмоқчи бўлаётган Россия расмий идоралари халқаро қонунларга хилоф иш тутаётганини маълум қилди.

"Умуман олганда уларнинг ҳаққи йўқ! Оила аъзоларини ажратмаслик тўғрисида халқаро конвенция мавжуд. Бироқ, афсуски, охирги пайтларда маҳаллий судлар бундай қарорларни ўз кучида қолдиришни бошлашди. Одатда хорижлик неча йилга қамалган бўлса, шунча вақтга депортация қилиниши керак. Болали одамни 12 йилга бадарға қилишдан нима наф?!..Ҳар ҳолда, Содиқовда суд ёрдамида бу қарорни бекор қилиш имконияти бор", деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

2014 йилнинг ўрталарида Давлат Думаси томонидан “Россия Федерациясига қириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ги 114- Федерал қонунга киритган ўзгартишларга кўра, Россия ҳудудида қасддан жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилиб, уни ўтаб чиққан хориж ватандошлари мажбурий депортация қилинади.

Унда Россия гражданлари бўлган оиласи бор шахслар тўғрисида бирор гап-сўз юритилмаган.

XS
SM
MD
LG