Ссылки доступа

Жиззахни 1 мартдан бошлаб "илғор ҳудуд"га айлантиришмоқчи


Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятини “илғор ҳудуд”га айлантириш бўйича фармонни имзолади. 3 январь куни имзоланган фармон матни 10 январь куни матбуотда эълон қилинди.

«Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармонга асосан 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан таклиф қилинган.

Жиззахни “илғор ҳудуд”га айлантириш мақсадида лойиҳа давомида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш, ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажариш назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, «Бир қишлоқ – битта маҳсулот» тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадаллик билан яратиш ҳам режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG