Ссылки доступа

Наманганда фермернинг 23 яшар ўғли осилган ҳолда топилди


Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит 9 январь куни ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилди. Ҳамқишлоқларининг айтишича, йигит осилган ҳолда топилган куни фермер отасининг ўрнига туман ҳокимлигида ўтказилган мажлисда қатнашган.

Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида яшаган, 23 яшар Ш.А. 9 январь куни туш пайти ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилгани ҳақида косонсойликлардан бири хабар берди. “Ўша куни дадасининг ўрнига ҳокимиятга мажлисга борган экан. Мажлисда унга ва отасига нисбатан баъзи аччиқ гаплар айтилибди, у тушга яқин уйига қайтиб, ўзини осиб қўйибди, деб эшитдик”.

Туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Ш.А.нинг мажлисда қатнашганини билвосита тасдиқлади. "Мажлисда унга нисбатан босим ёки унга тааллуқли ҳеч бир гап бўлмаган".

Мулозимга кўра, йигитнинг "ўз жонига қасд қилиш сабаби ҳозирча номаълум, бу билан прокуратура шуғулланяпти”. ​

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди. Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

XS
SM
MD
LG