Ссылки доступа

Қозоғистонда калтаклаш акс этган видеодан сўнг физкультура ўқитувчисига нисбатан жиноий иш очилди


Талабанинг калтакланаётгани акс этган видеодан сўнг Олмаота вилояти Жаркент шаҳридаги коллежнинг физкультура ўқитувчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Тармоқда тарқатилган видеода машқ либосида бўлган эркак хонада талабанинг бошига мушт тушираётгани ва оёғи билан кўкрагига тепаётгани шу билан бира сўкинаётгани акс этган.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Галимурат Жукелнинг журналистларга маълум қилишича, ҳодиса 10 январ куни Жаркентдаги кўптармоқли коллежда юз берган. «Ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси («Вояга етмаганларни тарбиялашдаги вазифасини бажармаслик» - муҳ) бўйича жиноий иш қўзғатилди. У текширув ўтказилаётгани муносабати билан ишдан четлаштирилди», — деди Жукел ҳамда махсус комиссия тузилганини қўшимча қилди.

Шу билан бирга Қозоғистон Таълим ва Фан вазирлиги бошқа бир видеоёзув юзасидан изоҳ берди. Ижтимоий тармоқнинг қозоқ сегментида тарқатилган видеода ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқитувчи талабаларга бақирар экан, тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкинаётгани акс этган.

«Прогресс» политехника коллежининг Бошланғич ҳарбий таълим ўқитувчиси 2002 йилда туғилган талабани ҳақорат қилган ва унга руҳий босим ўтказган», — дейилади матбуот хизмати тарқатган хабарда. Вазирликнинг маълум қилишича, коллеж директори «ўқитувчилар таркиби билан ишлашда йўл қўйган камчилиги ва тарбиявий ишларни сусайтириб юборгани учун» ҳайфсан олди, ўқитувчи эса ишдан бўшатилди.

XS
SM
MD
LG