Ссылки доступа

ҚВЗчи Мирсаидов ўз ҳолича Тожикистонни тарк этгани боис сиртдан ҳукм қилинди


Айни дамда мамлакат ташқарисида бўлиб турган журналист ва Тожикистон ҚВЗ терма жамоаси раҳбари Хайрулло Мирсаидов сиртдан 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Хўжанд шаҳар суди уни суд қарорини бажармаганликда ва мамлакат ташқарисига рухсат олмаган ҳолда чиқиб кетганликда айбдор деб топди. Хайрулло Мирсаидовга нисбатан суд ҳукми 11 январ куни унинг иштирокисиз чиқарилди. Хайрулло Мирсаидовнинг адвокати Баҳтиёр Насруллоев 12 январ куни бу фактни тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, ўз ҳимоясидаги шахснинг хорижга чиқишига маълум сабаблар бор ва шу сабабли суддан қарор ўзгартирилишини сўради.

«Мен судга Хайрулло Мирсаидов даволаниш учун мамлакатдан чиқиб кетганини айтдим. Бироқ Суғд вилоят суд ижрочиларини бу изоҳ қаноатлантирмади. Уларнинг таъкидлашларича, Мирсаидов ҳеч кимни огоҳлантирмасдан яшаб турган жойини тарк этганмиш. Уларнинг фикрича, Мирсаидов тиббий карточкани кўрсатиши ва мамлакатдан чиқиш учун рухсатнома олиши керак экан», -дея таъкидлайди адвокат.

Баҳтиёр Насруллоевнинг сўзларига қараганда, суд ўз ҳимояси остидаги шаҳсга берилган икки йиллик аҳлоқ тузатиш жазосини 8 ойлик қамоққа алмаштирган. «Қонун бўйича аҳлоқ тузатиш ишларидан бўйин товлаганларга берилган уч кунлик иш бир кунлик қамоққа алмаштирилади», - дейди адвокат.

Хўжанд шаҳар суди 2018 йилнинг 11 июл куни Хайрулло Мирсаидовни давлат маблағларини ўзлаштириш ва тарон-тарож қилиш, ҳужжатларни сохталаштириш, ёлғон маълумот беришда айбдор деб топди ва 12 йил озодликдан маҳрум қилиш юзасидан ҳукм чиқарди. Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг Мирсаидовнинг оиласи давлат ҳисобига товон сифатида тергов идоралари томонидан белгиланган 124 минг сомони (13 минг доллардан кўпроқ) миқдоридаги пулларни ўтказди. Шундан кейин журналистнинг адвокатлари Хўжанд шаҳар судининг қарори кўриб чиқилишини талаб қилишди.

22 август куни Сўғд вилоят суд ҳайъати қарорига биноан Хайрулло Мирсаидов суд залидан озод қилинди. Вилоят суди Мирсаидовга нисбатан учта модда бўйича чиқарилган жазо муддатини ўзгартирди, бу моддалар бўйича у 12 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. Озодликдан маҳрум қилиш жарима ва 2 йиллик аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Суд шунингдек Мирсаидовни Хўжанд шаҳри ҳудудидан чиқиб кетмаслик ва маошининг 20% давлат бюджети ҳисобига ўтказишни ҳам юклади.

Таниқли журналист ва ҚВЗси 2017 йилнинг 5 декабр куни ҳибсга олинган эди. У Сўғд вилояти Ёшлар ва спорт ишлари бўйича бошқармасининг собиқ раҳбари Олим Зоҳидзодани порахўрликда айблаганидан кўп ўтмай қўлга олинган эди. Унинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон номига ёзга очиқ хатидан сўнг Сўғд вилоят прокуратураси Мирсаидовнинг ўзига нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг учта моддаси: давлат маблағларини ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш ва ёлғон маълумот бериш бўйича жиноий иш очди.

Хайрулло Мирсаидовнинг маълум қилишича, мамлакатда иш топа олмагани ва бунинг оқибатида жарима тўлай олмаётгани боис республика ташқарисига чиқиб кетишга мажбур бўлган. Унинг сўзларига қараганда, 2018 йилнинг декабрида салкам 80 минг сомони (8,5 минг доллар) миқдорида жарима тўлаган ва ўзини тўлалигича оқлашларини сўраб Тожикистон Олий судига мурожаат қилган.

XS
SM
MD
LG