Президент матбуот хизмати чоп этган табрик матнда президент барча ҳарбийларни байрам билан табриклаб, уларга ватан олдидаги хизматлари учун миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, Мирзиёев мамлакатда Қуролли Кучлар ҳарбийларининг салоҳиятини ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш учун, аввало уларнинг оилаларига муносиб шароит яратиш заруратини қайд этган.
"Масалан, 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади. Ҳарбий хизматчиларнинг 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади", дейилади табрикда.
Айни пайтда, президент мамлакатда ички хавфсизликни таъминлаш учун "Армия ва халқ – бир тану бир жон!" деган ғоя барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олаётганини қайд этган.
Бундан ташқари, табрикда халқаро терроризм, экстремизм, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар ортиб бораётгани боис Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилгани эслатиб ўтилган.