Тарқатилган матбуот хабарида гумондорларнинг фуқаролиги ва исмлари аниқланмаган, бироқ қўлга олинганлар “Қозоғистонда теракт уюштирмоқчи бўлган Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари” экани айтилади. Матбуот хабари билан бир қаторда қўлга олинган олти кишининг сурати ҳам эълон қилинган.
Гумондорлар вақтинча истиқомат қилиб турган жойдан “катта қувватга эга бўлган қўлбола портловчи моддалар”нинг компонентлари топилгани, шунингдек ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар қўлга туширилгани таъкидланади.
«Тергов версиясига кўра, қўлга олинганлар хорижда бўлган ДАИШ жангарилари раҳбарлиги ва топшириғи бўйича ҳаракат қилишган, — дейилади қўмита тарқатган хабарда. Хабарда “Ислом Давлати” (ИД) экстремистик гуруҳининг номи ДАИШ сифатида кўрсатилган.
Хабарларга кўра, портловчи моддалар ишлатилган ҳолда қуролли ҳужум Олмаотада фуқаролар тўпланиб турган жойда амалга оширилиши керак бўлган. Матбуот хизматининг хабарига кўра, тергов тадбирлари давом этмоқда.