Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари Афғонистон билан чегарадаги жангарилар сабабли заҳирадагиларни ҳисобга олмоқда


«Озодлик»нинг Туркманистондаги мухбирлари ва манбаларининг сўзларига қараганда, айни дамда мамлакат расмийлари заҳирадагиларнинг ҳисобини олмоқда. Шу билан бирга «Озодлик»нинг Афғонистондаги мухбирининг хабар қилишича, афғон-туркман чегарасининг деярли барча қисми жангарилар қўлига ўтган.

"Ҳамма ҳарбий комиссариятларга 50 ёшгача бўлган барча эркакларнинг ҳарбий лаёқатларини текшириб кўриш борасида кўрсатма берилган", - дея 14 январ куни «Озодлик»нинг Туркманистон Мудофаа вазирлигидаги манбаси хабар берди.

Манбанинг сўзларига қараганда, заҳирадаги ҳарбий хизматчиларнинг ҳисобини олиш Афғонистон билан чегарадаги вазиятга боғлиқдир. "Чегаранинг барча ҳудудларидаги, Керкидан то Лебапнинг Тахтабозоригача ва Марининг Серхатободигача бўлган вазият анча ташвишли",- дея таъкидлайди манба.

12 январ куни «Озодлик»нинг Ашхободдаги манбаси пойтахтда заҳирадагиларнинг қайта рўйхатга олинаётгани ҳақида хабар берган эди. "Менинг танишимни барча ҳужжатларини олиб ҳарбий комиссариятга чақиришди ва уни тиббий комиссияга юборишди. Тиббий комиссияга юборишибдими, демак шу каби комиссиялар туман, ёки шаҳар даражасида ташкил этила бошланибди. Бундан тушунса бўладики, тез орада ҳарбий хизматга чақириқ бошланади", - дея хабар беради «Озодлик» мухбири.

11 январ куни мустақил "Хроника Туркменистана" нашри Туркманистон аҳолиси ўртасида ҳарбий ҳисоб амалга оширилаётгани борасида ҳабар берган эди . «Озодлик» манбасининг сўзларига қараганда, заҳирадагиларнинг ҳисобга олиниши уйма-уй юриб амалга оширилмоқда.

Афғонистоннинг бешта вилояти Туркманистон билан чегарадош. Куни кеча медиа нашрлар Россия ҳарбийларининг Туркманистон ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тайёргарликдан ўтаётганини маълум қилди. Бундан аввал эса россиялик ҳарбийлар бир неча бор туркман-афғон чегарасида кучли экстремистик гуруҳ шаклланаётгани ҳақида баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG