Ссылки доступа

Тожикистон прокуратураси Хорогдаги ҳодисани суриштирмоқда


Хорог
Хорог

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти прокуратураси Хорогда юз берган ҳодиса факти юзасидан текширув олиб бормоқда. 13 январь куни юз берган ҳодиса оқибатида маҳаллий аҳоли вакили Наврас Худоёров пневматик қурол ўқидан жароҳат олди.

Тожикистон ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, Хорогда ёшлар билан бўлиб ўтган кичик тўқнашувда ОМОН ходимлари пневматик қуролдан фойдаланишга мажбур бўлди. «Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири жароҳат олди, у шифохонада ётибди», - дея хабар берди ҳуқуқ тартибот идорасидаги манба. ТР ИИВнинг хабар қилишича, айни дамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига пўписа қилган шахсларга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча жиноий иш очилмади.

Жароҳат олган Наврас Худоёровнинг отаси Ифтихор Худоёров 14 январ куни ОМОН билан тўқнашувда ўғли жароҳат олгани ва ҳозир шифохонада эканини тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, ҳодиса ўзининг кўз ўнгида юз берди, чунки у ўғли билан машинада ўтирган эди.

«Биз автомобилда юқорига кўтарилаётган эдик, кутилмаганда қаршимизда ОМОН ходимлари бўлган машина пайдо бўлди. Йўл тор эди, ҳеч ким йўл бергиси келмасди. Даҳанаки жанг бошланди. ОМОНчилар бизнинг машинани тўхтатиб, ҳужжатларни текшира бошлади. Ҳужжатларни олгач, уларни ўриндиққа ташлашди ва ўғлимни ҳибсга олишмоқчи бўлишди. Наврас келишишни таклиф қилди, бироқ милиция ходимлари пневматик тўпончадан ўқ узишди»,- дейди Ифтихор Худоёров.

Унинг айтишича, 13 январ куни кечқурун уйга терговчилар келиб, ҳодиса юзасидан бир нечта савол беришди. Ифтихор Худоёров – собиқ милиция ходими, ҳозир Хорогдаги банклардан бирида ишлайди.

Хорогдаги қурилиши битмаган уй олдидаги ҳодиса видеоси ижтимоий тармоққа жойлаштирилди. Изоҳларда таъкидланишича, ОМОН ходимлари маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг машинасини йўлда тўхтатганидан кейин ёш хорогликлар тўпланишган.

Хорог шаҳар шифохонасининг бош шифокори Саидбек Давлатбековнинг хабар қилишича, жароҳат олган Наврас Худоровнинг саломатлиги яхши.

XS
SM
MD
LG