Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Германия бизнес - форумида 4 миллиард долларлик келишувга эришилгани айтилди


Берлинда 14 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия бизнес-форумида 4 миллиард доллардан зиёд истиқболли келишувларга эришилди. Бу ҳақда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълум қилди.

Хабарда айтилишича, эришилган шартномалар нефть, газ, кимё, энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, меҳмонхона қурилиши, инвестицион-технологик, банк-молия соҳаларига оиддир.

Германиянинг "Deutsche Bank", "Commerzbank", "Landesbank", "KfW", "AKA Bank" каби банклари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит маблағлари ажратишга рози бўлганлар.

“Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Холмуродов, Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири ўринбосари Э.Франц, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг биринчи вице-президенти Ю.Ригтеринк, Халқаро молия корпорацияси минтақавий директори К.Фюльстер қатнашди”, дейилади хабарда.

Расмий маълумотларга қараганда бугунги кунда Ўзбекистонда Германия иштирокидаги компаниялар сони 130дан ошган. 2018 йилда бу икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 770 миллион долларни ташкил қилган. Бу эса 2017 йилга нисбатан 24,5 фоизга кўп.

Бизнес- форум президент Шавкат Мирзиёевнинг 20-22 январь кунлари Германияга режаланган расмий ташрифи олдидан бўлиб ўтди.

XS
SM
MD
LG