Ссылки доступа

Бухорода туман ҳокими фермерни урганини тан олди


Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов 9 январда ўтган йиғилиш пайтида «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни калтаклаган ва 25 миллион сўм маблағни ўз ҳисобидан бошқа фермер хўжалиги ҳисобига ўтказишга мажбурлаган.

Бу борада Xabar.uz нашри ўтказган журналистик суриштирув натижалари 14 январда эълон қилинди.

Суриштирув натижасида аниқланишича, ҳоким Шерали Саломов йиғилишда фермерларга комбайнлар эскиргани учун янги комбайн сотиб олишни таклиф қилган. Бунинг учун фермерлар “Илҳом” фермер хўжалиги ҳисобига пул ўтказиши керак бўлган. Бироқ Ориф Дурматов бунга кўнмагани оқибатида ҳоким уни 200та фермернинг олдида дўппослаган.

“Лабларим, бурним ва оғзимдан қон кетишига қарамасдан, айтилган маблағни кўчирмасам, мендан фермер хўжалигимга тегишли бўлган ерни туман ҳокимлиги захирасига топширишим тўғрисида мажбурлаб ариза ёздириб олди”, деб айтган фермер.

Олот туман ҳокими Шерали Саломов фермерни урганини журналистдан яширмаган.

“Лекин ўша кунги ҳолат юзасидан мени шу даражага олиб борган фермернинг ҳаракатини бутун зал кўриб турди. Мен фермер хўжалиги раҳбарини ўз шахсий манфаатим йўлида урмадим”, деган ҳоким.

Озодлик радиоси Ўзбекистонда фермерларнинг ҳокимлар ва бошқа расмийлар томонидан калтакланиши тўғрисидаги қатор хабарларни эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG