Ссылки доступа

Тожикистоннинг Сўғд вилояти фермерлари пиёзнинг арзонлашишидан ташвишга тушмоқда


Сўғд вилоятининг фермерлари пиёзнинг рекорд даражада арзонлашишидан ташвишга тушиб қолишди. Бу галги мавсумда пиёздан юқори ҳосил олинди, аммо деҳқонларнинг сўзларига қараганда, нархларнинг жуда ҳам арзонлиги боис улар зарар кўраётган экан.

Панжикент туманида истиқомат қилувчи фермер Шавкат Шарифов ҳосилни йиғиб олиш учун оиласи билан анча меҳнат қилди, аммо нархлар шу даражада арзонлашиб кетдики, кўрилган даромад ер солиғини ҳам қоплашга етмаяпти. «Ҳозир тадбиркорлар бизлар етиштирган пиёзнинг бир килограммини улгуржи нархда 30 дирамдан 40 дирамгача ($0,03-$0,04) сотиб олмоқда. Бу нархлар бизнинг ҳаражатларимизни қопламайди», -дейди фермер.

Бошқа суҳбатдош деҳқонлар ҳам шу каби муаммолар билан тўқнаш келишган: тадбиркорлар уларга бир килограмм пиёз учун 30-40 дирамдан ортиқ бермаяпти. Фермерлар қишда пиёз нархи кўтарилишига ёки маҳсулотнинг хорижга экспорт қилинишига умид қилишган эди, аммо шу вақт мобайнида пиёзнинг маълум қисми намлик ва совуқ туфайли омборларда чириб кетмоқда.

Панжикент туман Лойиқ Шерали номли жамоат раиси Қамариддин Азизмуродов маҳаллий деҳқонлар ўтган йили пиёздан мўл ҳосил етиштирганликларини, бироқ нархлар тушиб кетгани боис маҳсулотдан фойда олишга кўзлари етмаётганини тасдиқлади.

«Ўтган йили суғориладиган ерларга ғалла - арпа ва буғдой экиш тақиқланган эди, пиёзнинг бир килограмми 2 сомони (0,2 доллар)га кўтарилиб кетди, шу сабабли деҳқонлар сабзавот экинларини етиштиришга қарор қилишди. Ҳосил зўр бўлди, аммо нархлар тушиб кетди. Савдогарларнинг маълумотига кўра, пиёзнингДушанбедаги улгуржи нархи 70-80 дирамни ташкил қилади. Йўл ҳаражатларига 30 дирам сарфланади. Шу сабабли бизга 30-40 дирамдан таклиф қилишмоқда, деҳқонлар ўтган йилда бўлгани каби 1,5-2 сомонидан сотишни исташмоқда», - дейди суҳбатдош.

Сўғд вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Додобоевнинг айтишича, экин етиштиришда фермерлар эркин бўлиб, ҳосил бўлмаса ва зараручун маъсулият уларнинг зиммасига тушади.

«Биз ернинг ҳолати ва сифатига қараб фақат у ёки бу экин етиштириш борасида тавсия берамиз. Қандай маҳсулот етиштиришни уларнинг ўзлари ҳал қилади», -дейди суҳбатдош. Унинг сўзларига қараганда, деҳқонларга пиёзни хорижга экспорт қилишни ҳеч ким тақиқламаган ва биргина 2018 йилда Сўғд вилоятидан 76 тонна пиёз экспорт қилинган.

XS
SM
MD
LG