Тожикистон бозорларида оқ папахалар анчадан бери сотилади, аммо талаб юқори бўлмаган эди. Ҳаммаси доғистонлик Ҳабиб Нурмагомедовнинг ирландиялик Конор Макгрегор билан жангидан сўнг ўзгариб кетди. Улар ўртасидаги жанг 2018 йилнинг 7 октябрига ўтар кечаси бўлиб ўтди. Катта жанжаллар билан бошланган ва якунланган жангда кавказлик оқ папахада чиқди ва ғолиб бўлди. Унинг ғалабаси Доғистонда миллий ифтихор туйғусини жўштириб юборди ва собиқ СССР ҳудудларида унга қизиқишни кескин кучайтирди.
Бугунги кунда "ҳабибка" – Тожикистонда ёшларнинг оммалашган бошкийимларидан биридир. "Мен бу бош кийимни шунчаки гўзаллик учун сотиб олмадим. Мен Ҳабиб Нурмагомедовнинг фанатиман. У дунёдаги энг зўр спортчиларлан бири!», – дейди ҳозиргина бозордан оқ папаха харид қилган Каримжон Намозов.
"Футболчиларнинг футболкасини сотиб оладиган фанатлар сингари биз Ҳабибнинг ишқибозлари шу каби бош кийимларни харид қиламиз", – дея тушунтиради Ҳабиб Нурмагамедовнинг яна бир фанати Баҳтиёр Махмаджалилов.
Душанбе бозоридаги сотувчиларнинг сўзларига қараганда, ҳар бир харидор ҳақиқатан ҳам папаха Доғистондан олиб келинганлиги билан қизиқади. Сотувчи Баҳтиёр Садировнинг таъкидлашича, олий сифатли қўй терисидан қилинган ҳақиқий кавказ папахаси арзон эмас: тахминан $35-40 туради. Тожикистон аҳолисининг катта қисми бу нархларга папаха сотиб олишларига қурби етмайди. Бироқ бозорда шунга ўхшаш, аммо Хитойдан олиб келинган синтетик "ҳабибка"ларни сотиб олиш мумкин: нархи ҳам тўрт баробар арзон, тахминан $10 туради.
Бош кийимлар дўкони эгасининг сўзларига қараганда, "ҳабибка"ни асосан ёшлар сотиб олмоқда, бироқ ноодатий бўлган мазкур бош кийимга ёши катталар ҳам қизиқиш билдирмоқда.