Бу ҳолат Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ миқдорда тўлана бошлаши ортидан рўй бермоқда.
Ишдан айрилган педагоглар Хоразм вилоят Халқ таълими бошқармасини меҳнат қонунчилигини бузиш ҳамда президентнинг ишловчи пенсонерларни рағбатлантириш ҳақидаги фармонига зид ҳаракатда айбламоқда.
Хоразм вилоятининг Хива туманидаги боғчалардан бирига сўнгги 15 йил раҳбарлик қилиб келган 62 ёшли У.Р. ишловчи пенсионерларга нафақаларни тўлиқ бериш ҳақидаги президент фармони кучга кириши билан январь ойи бошидан ишдан бўшатилганини айтди.
- Бизга ҳам ойлик, ҳам пенсия бериш буларга оғирлик қилдими дейман, ҳозир пенсия ёшидаги ҳамма ўқитувчи ва боғча тарбиячиларини ёппасига бўшатишяпти. Бизнинг туманда олти боғча мудири, тўққиз боғча тарбиячисини бир кунда бўшатишди. Ҳокимликдаги мажлисда пенсионерлар энди ишламайди, дейишибди. Ишловчи пенсионерларни рағбатлантириш ўрнига, бизни бўшатишяпти. Ҳозир биз ўнга яқин боғча мудираси ва тарбиячилари бирлашиб президент порталига шикоят тайёрлаяпмиз.
Ўзбекистонда 2019 йил январ ойидан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга нафақалар тўлиқ миқдорда тўланиш ҳақидаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 12 декабр куни имзолаган “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони кучга кирди.
Авваллари ишловчи пенсионерларга нафақанинг 50 фоизи бериб келинган бўлса, фармонга мувофиқ январь ойи бошидан 100 фоиз бериш бошланди.
Фармонга кўра, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ҳам оширилди.
Хоразм Халқ таълими бошқармаси мулозими ёшларга кўпроқ имконият бериш мақсадида айрим нафақа ёшидаги ходимлар бўшатилган бўлиши мумкинлигини айтди.
Ўзбекистонда бугунги кунда пенсияга чиқиш ёши эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёшни ташкил қилади.
2022 йилдан бошлаб эса пенсияга чиқиш ёшини йилига 6 ойдан ошириб бориш ва уни аёллар учун 58, эркаклар учун 63 ёшга етказиш режалаштирилаяпти.