Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан бўлган 23 ёшли талабанинг ўз жонига нега қасд қилгани номаълум бўлиб қолмоқда. Юнусобод тумани милицияси факт бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди. Курсдошларидан бирининг айтишича, марҳум талаба Ш.М. университет ётоқхонасидан 14 январь куни кеч соат 6 лар атрофида чиқиб кетган.
15 январь куни эрталаб у Юнусобод тумани 10-мавзесидаги новвойхона айвонида арқонга осилган ҳолда топилган.
- Шу куни кечки пайт қариндошиникида ётиб қолишини айтди, бизга. 15 январда новвойхона ташқарисидаги айвонга арқондан осилган ҳолда топилган, - деди марҳумнинг курсдоши.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бошқа талабаларидан бири марҳум курсдоши сўнгги кунларда якуний назорат имтиҳонлари боис қаттиқ босим остида бўлганини айтди. "Бизда ҳозир якуний назорат имтиҳонлари бўляпти. НБлари кўпайиб кетгани учун, курсни бошқатдан ўқийсан деб қўрқитишган. У ўқишдан ташқари ишлар ҳам эди. Ўзингиз ўйланг: контракт 22 миллион сўм. Қайта ўқиса 22 миллион сўмни (2590 АҚШ доллари) қаердан олади, ўзи зўрға ўқиш пулини тўлаб юрган эди", деди суҳбатдош.
Лекин, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректор ёрдамчиларидан бири бу иддао асоссиз эканини айтди.
"Нотўғри маълумот беришган. Ҳудди шу масала бўйича кеча проректоримиз ҳам бизни чақириб сўрадилар. "Курсдошлари шунақа деяпти", деб бизни тергадилар. Проректоримизга журнални, ҳамма ҳужжатларни олиб тушиб кўрсатдик. Охирги рейтинг натижаларини ҳам олиб тушиб кўрсатдик. Бирон марта ҳам бу болага нисбатан ҳақсизлик бўлмаган. Ўқиш пулини тўлашда ҳам муаммоси бўлмаган. Биринчи семестр ўқиш пулини 100 фоиз тўлаб қўйган эди. Қийналган оиладан бўлгани учун бу болага чегирма ҳам қилиб берганмиз", деди ректор ёрдамчиларидан бири.