Ссылки доступа

Денис Теннинг онаси жиноий иш терговга қайтарилишини талаб қилди


Олмаотада фигурали учиш устаси Денис Теннинг ўлими юзасидан очилган иш бўйича давом этаётган суд мажлисида марҳумнинг онаси жиноий иш яна терговга қайтарилишини сўради.

Жабрдийда томоннинг фикрича, судланувчиларнинг ҳаракатларида буюртма қотиллик аломатлари бор. 16 январ куни судда томонларнинг мунозаралари бошланди. Прокурор бу иш бўйича айбланаётган уч кишига нисбатан қамоқ жазоси берилишини сўради.

Оксана Тен судда баёнот беришича, видеокузатув камераларидан кўриниб турибдики, гумондорларнинг юрган йўли ва судда берган кўрсатмалари уларга автомашина эгаси кимлиги аввалдан маълум бўлган. Унинг сўзларига қараганда, иш бўйича мавжуд бўлган телефон суҳбатлари ва суд мажлиси давомида ўтказилган тадқиқотларга кўра, судланувчи Толибаева, шунингдек «суд мажлисида сўроққа тутилган айрим шахслар» умумий алоқага эга бўлган, ва улар «қотиликка қадар ўзаро мулоқот қилишган». «Кўриниб турибдики, ўта оғир бўлган жиноят судга қадар тергов давомида аниқланмаган», —дейди Оксана Тен.

«Менимча, юқорида кўрсатилган далиллар асосида [суд] Олмаота шаҳар прокурорига иш қайта тергов қилиниши юзасидан алоҳида қарор чиқариши керак, ва айбдорларга тегишли модда бўйича, аниқроғи — 99 модданинг 2 қисми 8 пункти— буюртма бўйича қотиллик асосида айблов қўйилиши керак», — дея қўшимча қилади ўз сўзига.

Прокуратура вакили жабрдийда томоннинг даъвосини қўллаб-қувватламади.

2014 йилги Сочида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби Денис Тен ўтган йилнинг 19 июл куни Олмаотадаги шифохонада вафот этди. У мазкур шифохонага ўша куни пичоқдан олган жароҳатлари туфайли олиб келинган эди. Полиция версиясига кўра, Тен ҳодиса жойида қўлга олинган автомобил ўғриларининг қурбонига айланган. Денис Теннинг сонига пичоқ санчилган; кейинроқ тиббиётчилар спортсмен кўп қон йўқотганини айтишди, у ҳушсиз ҳолда шифохонага олиб келингани боис ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

XS
SM
MD
LG